«Арсенал» жамоаси хўжайини Стэн Кронке жамоанинг узоқ йиллардан буён катта совринларсиз қолаётгани ўзини ташвишга солмаслигини билдирди. Унинг айтишича, лондонликлар клуби совринлардан кўра муҳимроқ молиявий даромад келтирмоқда.

«Менинг фикримча, футбол жамоаси сотиб олувчилар ҳақиқат билан ҳисоблашиши керак. Агар сиз шунчаки титулларга эга бўлишни истасангиз, футбол жамоаси сотиб олмаганингиз маъқул. Ўйлайманки, спорт жамоалари хўжайинлари даромад кўриш ҳақида ўйлаши ва шунга интилиши керак.

Агар бизнесингиз яхши йўлга қўйилмаган бўлса ва бошқа даромад манбаингиз бўлмаса, сиз жамоага савияли футболчиларни жалб эта олмайсиз», — дея қайд этади Кронке.

Айни вақтда, 29 тур ўйинларидан кейин «Арсенал» АПЛ турнир жадвалида пешқадам «Лестер»дан 8 очко ортда қолган ҳолда учинчи ўринда бормоқда.

Жамоа охирги марта 2004 йилда Англия чемпиони бўлган, ЕЧЛда эса охирги марта 2005 йилда финалда ўйнаган.