Пиёдалар хавфсизлиги хатарли... ми?

Жамият 13 Март 2016 758

Сўнгги йилларда АҚШда юз берган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлган пиёдалар сони 10 фоизга ошди. Йўл хавфсизлиги Уюшмаси тарқатган хабарларга қараганда, 2015 йилнинг биринчи ярим йилида йўлларда юз берган фалокатлар оқибатида 2 минг 368 нафар пиёда ҳалок бўлган. Бу 2014 йилга нисбатан анча кўпдир. Бир йил муқаддам 2 минг 232 киши йўл транспорт ҳодисаларининг қурбонига айланган эди. Бу борадаги статистика 1975 йилдан бери олиб борилади. Энг кўп йўл транспорт ҳодисалари Калифорния, Флорида, Нью-Йорк ва Техас штатларида қайд қилинади. 2014 йилда бу рўйхатга Аризона, Делавэр, Невада, Луизиана, Нью-Мексико, Жанубий Каролина ва Флорида штатлари ҳам қўшилган.

National Complete Streets Coalition ташкилоти ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, АҚШда ҳар 8 дақиқада бир пиёдани машина уриб кетади. Пиёдалар учун энг хавфли шаҳарлар мамлакат жанубида жойлашган. Таҳлилчиларнинг фикрича, йўллар йил сайин ҳайдовчи ва йўловчилар учун хатарли бўлиб бормоқда. Сўнгги йилларда автомобиллар такомиллашиб, йўллар замонавийлашиб бораётганига қарамасдан йўл транспорт ҳодисалари миқдори камаймаяпти.

Кузатувчиларнинг фикрича, сўнги йилларда йўл транспорт ҳодисалари бўйича Россия олдинги ўринларга чиқиб олган. Ҳар йили йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар юз минг россияликнинг 15-18 нафари ҳалок бўлади. Германия, Франция, Буюк Британия ва АҚШда бу рақам 2-3 нафарни ташкил қилади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, йўл транспорт ҳодисалари туфайли асосан 15-29 ёшдагилар вафот этади. 2015 йилда Россия йўлларида 21 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Пиёдаларнинг ҳалок бўлишига асосан ҳайдовчилар томонидан автомобиллар тезлигининг оширилиши бош сабаб экани тан олинади.

Жаҳон мамлакатларида кузатилаётган йўл хавфсизлиги билан боғлиқ вазият таҳлил қилинар экан, яқин йилларда йўлларда юз бериши мумкин бўлган фалокатларнинг олдини тўлалигича олиниши мумкин эмас, деган қарашлар айтилмоқда. Бу асосий муаммолардан бири бўлиб қолаверади.

Масалан, Осиё, Африка, Яқин ва Ўрта Шарқ, Кариб ҳавзасидаги мамлакатларда юз берадиган йўл транспорт ҳодисалари қурбонларининг 40 фоизини пиёдалар ташкил қилади. Иқтисоди тараққий этган мамлакатларда бу рақам 10 фоиздан 20 фоизгача иборат. Кузатувчиларнинг фикрича, жаҳон мамлакатларида юз берадиган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўладиганларни асосан 3 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида ривожланган мамлакатларда сўнгги 30 йилда вазият барқарорлашаётган бир вақтда қашшоқ мамлакатлардаги вазият ёмонлашмоқда.

Ўтган асрнинг 80-йилларида йўл транспорт ҳодисалари оқибатида жаҳонда бир йилда 300 мингга яқин киши вафот этар эди. 90-йиллар сўнгига келиб, бу рақам 500 минг нафарга етди. Бугунги кунда ҳар йили жаҳонда кузатиладиган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 1 миллион 200 минг киши ҳалок бўлиб, 20 миллиондан 50 миллионгача одам жароҳат олади. Айни дамда жаҳон иқтисодиёти йўл транспорт ҳодисалари оқибатида кўрадиган зарар бир йилда 800 миллиард долларни ташкил қилади.

Қолоқ давлатларга нисбатан Европа мамлакатларида пиёдалар хавфсизлигига катта аҳамият қаратилади. БМТ қарорига кўра, 2000 йилда Европада Учинчи йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳалқаро ҳафталиги ўтказилди.

Пиёдаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ масала кўплаб мамлакатлар учун долзарблигича қолмоқда. Бугунги кунда бу муаммо барҳам топмаган. Балки автомобиллар сонининг кун сайин ортиб бораётгани боис янада долзарб тус ола бошлади.

Осиёда йўл транспорт ҳодисаси одамларнинг ўлимига бош сабабчи бўлмоқда. Автомобиль ғилдираклари остида қолиб вафот этиш ҳоллари юқумли касалликлар оқибатида вафот этиш кўринишларини ортда қолдирди. Биргина Таиланд йўлларида ҳалок бўлаётганлар сони сил ва безгакдан нобуд бўлаётганлар сонидан ошиб кетган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳалок бўлаётганларнинг ярмидан кўпи, жароҳат олганларнинг учдан бир қисми тунда ёки ноқулай об-ҳаво шароитларида юз берадган йўл транспорт ҳодисалари ҳиссасига тўғри келади. 2015 йилда Эстонияда юз берган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 67 киши ҳалок бўлди. Полиция вакилларининг айтишича, уларнинг ярмидан кўпи хавфсизлик камаридан фойдаланмаган. Умумий ҳисобда 1 минг 356 киши жароҳат олган.

Маълумот учун, илк бор автомобиль иштирокидаги ҳодиса 1896 йилнинг 30 майида қайд қилинган эди. Ўша йили Нью-Йоркда Ҳенри Уэллс бошқарган электромобиль Эвелин Томас ҳайдаб кетаётган велосипедга бориб урилган эди.

Шарофиддин Тўлаганов

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 90155 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 44906 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 50538 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 8875 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 19719 Ўзбекистон
Шимолий Корея АҚШга беражак зарбаларини бир қатор сиёсий плакатларда тасвирлади
23:20 0 Жаҳон
Конте «Челси»га нима етишмаётгани ҳақида гапирди
22:59 510 Спорт
Шаҳзода Уильямнинг никоҳ тўйидаги тортнинг бир бўлаги сотувга қўйилди
22:52 840 Жамият
Видео: Дэвид Бекҳэм Pro Evolution Soccer 2018’да
22:47 599 Спорт
АҚШ ва Жанубий Корея август охирида ҳарбий машғулотлар ўктазади
22:35 451 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар