Хайрулла Ҳамидовдан: Ўн биринчилар ўн бирлиги

Спорт 13 Март 2016 792

Ҳужумчиларни тугатиб қўяйлик-а, навбат 11-рақам эгаларига! Бу рақам остида ўйнайдиган йигитларнинг аксари ҳужумчилар, албатта. Аммо ярим ҳимояда ўйнаганлари ҳам бўлган. Синиша Михайлович ҳужумчилардан кўра кўпроқ ҳимоячиларга ёрдам бергани, эронлик Азизи плеймейкерлик вазифасини аъло даражада уддалагани ёдимда.

Ҳозирдаги машҳурлари – “Барса”даги Неймар, “Реал”даги Бейл, голланд Роббен ва “Бавария”даги Рибери...

Қолганларини санашга ҳожат йўқ. Зеро, ҳозир ҳикоя қиладиган “ўн бирлигимиз” барибир янги чиққан юлдузлар ҳақида эмас, балки яшил майдондаги репертуарларини ниҳоясига етказган юлдузлар борасидадир. Кутиб олинг, ўн биринчиларнинг ўн бирлиги...

11. Томас Брулин. Швеция


Клубдаги фаолиятлари у қадар ёрқин бўлмаган Томас ўзининг севимли 11-рақамини Швеция терма жамоаси таркибида танитган. 1990 йилги мундиалда гарчи шведлар гуруҳдаги барча баҳсда енгилган бўлсалар-да, Бразилияга биргина голни йўллаган Брулин мутахассислар эътирофига сазовор бўлганди.

Бежиз эмас эди бу кўриниш. Тўрт йилдан кейинги АҚШ сафари Брулин ва унинг ватандошлари фестивалига айланиб кетди. Швеция фақатгина жаҳон чемпионларигагина имкониятни бой бериб, турнирнинг бронза медалини қўлга киритишди. Ўша ЖЧга аталган барча видеодастурларда битта манзара ҳамманинг ёдида қолиб кетган - гол ургач, ўша голини бир айланиб олиб нишонлайдиган сап-сариқ йигитчанинг кулиб турган нигоҳи! Бу Томас Брулин эди...

10. Олег Блохин. Украина


Собиқ шўролар футболида бор-йўғи учта футболчи “Олтин тўп” олган. Шулардан бири ажойиб ҳужумчи Олег Блохиндир. У клуби миқёсида ҳам, терма жамоаси даражасида ҳам беназир ўйинчи эди. “Динамо”да 7 карра мамлакат чемпиони бўлган тезкор ҳужумчи СССР таркибида энг кўп ўйин ўтказган ва энг кўп гол урган.

Киевликлар 1975 йили Европа кубокларини титратган пайтлари Беккенбауэр Блохиннинг ўйинини кўриб: “Бу йигит билан ўйнаётган жамоа рақибидан бир футболчи кўп бўлиб ҳаракат қилаётган бўлади!” деган экан. Гол уриш қобилияти юксак саналган ҳужумчи собиқ иттифоқ даврида 300лик довонни забт этган ягона футболчи бўла олди. Бугунги ўлчовларда бу қадар улуғвоh натижани қайд этиш икки футболчидан бошқасига насиб этмаса керак?!

9. Луижи Рива. Италия


Рива деган футболчини ҳозирги авлод тугул, бизнинг авлод ҳам билмайди. Аммо қуйидаги маълумотни ўқиб туриб, уни бу рўйхатдан тушириб ташлаш имконсиз ишлигини тушуниб оласиз: “ Луижи Рива – умрбод “Кальяри” жамоасида 11-рақамда ўйнаган, клуб тарихидаги беназир тўпурар. “Кальяри”нинг 11-рақами Ривага умрбодга топширилган ва ундан бошқага бермасликка қарор қилинган. Италия терма жамоаси тарихидаги энг кўп гол ҳам унга тегишли – 35!

1970 йилги ЖЧда иштирок этгани ва унда фақатгина Пеле жамоадошларига имкониятни бой берганини ҳисобга олсак, бу натижа футзалчиларимизнинг Эрондан ютқазганига ўхшаб кетади. Лекин икки йил олдин Рива Европа кубогини боши узра кўтарган, ўша турнирда энг яхши ҳужумчи номини қўлга киритганди. Мана сизга ажойиб тарих! Олдингилар садоқатли бўлишган-а -“Кальяри” сафида юриб шунчалик натижалар...

8. Павел Недвед. Чехия


Садоқат ўтмишнинг сарғайган саҳифаларида эмас, яқин кунларимизда ҳам учраб қоладиган туйғу эди. Павел Недвед асли чех, биласиз. У ўша “Моджи воқеаси” бўлган даврда бошқа клубга кетиб қолса, биров маломат қилмасди. Зотан у туринлик эмас. Италияликларнинг ўзлари тумтарақай бўлиб кетган мавсумда чехиялик ўғлон йўл-йўл 11-рақамида жасорат кўрсатишда давом этди – жарга қулаган “Юве”ни Дель Пьеро ва Буффонга қўшилиб, елкада кўтариб чиқди. Шериклари маҳаллий йигитлар эканлигини ҳисобга олсак, Недведнинг ҳаракатлари кўпроқ тахсинбоп.

Чехия терма жамоасидаги Недвед Туриндагидан кўра қўрқинчлироқ ва салобатлироқ эди. Павелдан кейин чехлардан ҳеч ким қўрқмай қўйди, менимча...

7. Микаэль Лаудруп. Дания


Дам олишга кетган Дания терма жамоасини Евро-92га бир амаллаб чақириб келишди. Данияликлар келишгач, буёғига қолганлар дам олишди!

Ана шу ажойиб ва такрорланмас таркиб ичида қаҳрамонимиз йўқ эди. Ҳа, ишонаверинг. Евро-84да қатнашиб, ярим финалгача етиб келган ва тарих саҳифаларидаги энг яхши жаҳон чемпионатида (86-йилги мундиалда) ёрқин ўйинлари билан алоҳида ажралиб турган Микаэль Лаудруп терма жамоа мураббийи Нильсен билан келиша олмай, Дания тарихидаги энг олтин таркибдан тушиб қолганди. Бироқ, ана шу ҳолат ҳам биз билган Лаудрупнинг юлдузлигига соя сола олмайди. Чунки ака-ука Лаудрупларнинг каттаси терма жамоадаги юлдузли ўйинларини клубларда ҳам намойиш этган.

Микаэль “Барса” таркибида ўйнаб 4 марта чемпионат ғолиби бўлди ва каталонияликларнинг азалий душмани – “Реал”га ўтиб, оқ либосда ҳам бир бора кубокни боши узра кўтарди. 11-рақамли ўйинчиларга хос бўлмаган даниялик ярим ҳимоячи амалга оширган финтлар такрорини замонавий футболда ҳозирча ҳеч кимда кўрмадим. Ҳа.

6. Карл-Хайнц Румменигге. Германия


Ҳозирги “тахта” Мюллерларнинг ўтмишдаги сиймоси айнан шу юлдузда кўринади. Немис футболининг типик вакили у. Карл-Хайнц тўп билан у қадар кўп муомала қилмаган. Жарима майдончаси ичида ўз вақтини кутиб яшаган, холос. Бироқ, бутун ўйин давомида биргина ҳужум уюштирилса, ўшани голга айлантира олган. Бўлди, унинг асосий “фишкаси” шу эди. Аммо ана шундай футболчилар футболда ҳамиша ардоқланадилар.

“Бавария” таркибидаги узоқ йиллик фаолиятида у икки мартадан мамлакат чемпионлиги, кубоги, Европа кубоги ва... “Олтин тўп”ни қўлга киритган. Бир бора суперкубок ҳамда қитъалараро кубок соҳиби.

Терма жамоасида эса 80-йили Европа чемпиони, мундиалда эса икки марта финал иштирокчиси. Румминнеге жаҳон чемпиони бўлиши мумкин эди, Марадонадан сал кейинроқ туғилса. Афсуски, ЖЧ-90да у таркибга жалб этилмаган, жалб этилган йигитлар олтин медал тақаётган пайтларида Марадона катта-катта планларда йиғлаётган эди. Ўша авлод Румминегге авлоди ҳисобланади, буни шахсан Маттеуснинг ўзи тан олган!

5. Райан Гиггз. Уэльс


Райан Гиггз футболда ва қизил либосда шу қадар кўп ўйнаганки, унинг маълумотномасида АПЛ тарихидаги рекордлари тўлиб-тошиб кетган. 21 йил ҳам ўйнайдими-ей одам деган?!

2011 йили “МЮ” мухлислари ўртасида жамоанинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун сўров ўтказилди. Шахсан мен ўша пайтлари Гиггздан кўра ёқимлироқ ва шиддатлироқ бўлган Кантона ёки Бекхэм улоқни олиб кетади, деб ўйлаган эдим. Йўқ, адашибман. “Қизил иблислар”нинг ашаддий ишқибозлари “буюк садоқат”ни муносиб баҳолашди – уэльслик иқтидор қизил либосда ўйнаган жами футболчидан устунроқ деб топилди!

Чиндан ҳам Гиггз деганда ўзим ҳам “МЮ”нинг энг шонли даврларини кўраман. Майдонда у ва майдон четида Фергюсон. Бошқалар эса уларнинг соясида яшашган, шекилли?!

Гиггзнинг терма жамоаси хусусида эса биргина гап: 200 километр буёғроқда туғилиш керак эди, Райан! Начора.

4. Дидье Дрогба. Кот-Д'Ивуар


Мана шу рўйхатда 11-рақамга энг мос ўйинчи ким, дейилса, қўрқмасдан, Дрогба, деб жавоб берган бўлардим. Бақувват, шиддатли, курашдан қочмайдиган таран ҳужумчи! Гол уриш учун туғилган машина!

Дрогбанинг қўрқинчлилигини рақиби “Челси” бўлган мухлислар яхши билишади. У ҳақда премьер-лиганинг кўпгина ҳимоячилари “энг кучли марказий ҳужумчи” деб тан олишган.

Бу иқрорларни ўқий туриб, тўп учун даҳшатли суратда кураш олиб борадиган африкалик форвард бугунги замонавий ҳужумнинг ёрқин вакили, дегиларим келиб кетди.

Премьер-лигадаги суперўйинларини-ку, майли, бир четга сура туринг, терма жамоа сафидаги етакчилиги ҳам унинг ҳақиқий юлдузлигини кўрсатади. Яна бир жиҳати ҳам ҳайрон қолдирадики, Дидье қирққа қараб кетаётганда ҳам ҳужумда ўзини эркин тута олди. “Челси”га қайтиб, ҳали қаримаганини исботлаб қўйди. Бу эса, ҳужум чизиғида ўйнаётган футболчилар учун нодир ҳодисадир. Шунинг учун ҳам Дрогба одамнинг кўзига жуда катта шахс бўлиб кўринаверади, шекилли...

3. Михаил Месхи. Грузия


Бу ном ўтмишнинг қоронғу саҳифаларидан (1937 йил туғилганига шаъма) яккаш нур сочиб тургандек туюлаверади. Шўро тузумининг энг ажойиб финт эгаси ўз баҳосини топа олмай кетган даҳолардан биридир.

Месхи доим 11-рақамда ўйнаган, унинг қизи 11-санада туғилган, исми ва фамилияси кириллчада 11та ҳарф, 11 метрлик пенальтидан хато қилмаган!!!

Терма жамоа таркибида озгина ўйнаб, бир марта Европа чемпиони бўлишга улгурганига қарамай, жуда кўп ўйинларда уни атайин таркибга олишмаган. Мураббийлар шўродан ташқаридаги оламга майдонда хоҳлаганини амалга ошира оладиган даҳони кўрсатмасликка уринишган.

Бугунги Месси номида биргина ҳарф ўзгариши билан пайдо бўладиган ўтмиш қуёши эди у.

Михаил Месхи футбол билан хайрлашган оқшом. Уругвай “Насьонал”и мураббийи охирги марта яшил майдонда ҳаракат қилаётган Месхининг ўйинини кўра туриб, Тбилиси жамоаси вакилларига шундай деган экан: “Уят! Агар шу йигит футболдан кетаётган ва сиз унда қолаётган бўлсангиз, уят сизга! Уялинглар!!!”

2. Ревелино. Бразилия


“Ҳаммага дам! Бразилияликлар келишди!” Бу сўзлар 62-мундиалда италиялик шарҳловчи томонидан янграган эди. Биз ҳам рўйхатимизда шу сўзларни ишлатсак, хато қилмаган бўламиз. Буёғига месхилару дрогбалар рози бўлишадики, юқорининг ҳақли эгалари ташриф буюришди.

Ривелино! Мутахассислар 11-рақамли юлдузни Пеле, Гарринча ва Зикодан кейинги 4-бразилиялик деб ҳисоблашади. Ривелино 1970 йилги ЖЧгача энг кучли захира ўйинчиси дейилган. Таркибда юлдузлар кўплигидан, албатта. Аммо Мексика яшил майдонларида дунё аҳли уни асосий таркибда ҳам кашф этди. Қариб қолган Пеле орқароқда ўйнаганини ҳисобга олсак, жуда кўп ўйинларда асосий ишни айнан шу йигит бажарган.

Замонавий футболда Роналдиньо ва Златан томонидан амалга ошириладиган “эластико” финти айнан қаҳрамонимизга тегишлидир. Футбол тарихидаги энг тез голлардан бирига ҳам Ривелино муаллифлик қилган – дарвозабонни дарвоза ортидаги тасвирчи билан сўрашиб турганини кўриб қолиб, ўйин бошидаёқ майдон марказидан зарба йўллаган ва ҳисобни очган. Лекин қизиқ томони шундаки, бу ўйинчи 11-рақамда ўйнаса ҳамки, ярим ҳимоячи эди.

1. Ромарио. Бразилия


Эътибор беряпсизми, бразилияликлар ҳужум чизиғида ўйновчи ҳамма рақамда пешқадам эканлар. 9-да Роналдо, 10-да Пеле, 11-да эса, Ромарио!

Ромарио яқинда ўзининг рамзий жамоасини эълон қилди. Унга ўзини ҳам қўшгани (Пеледан кейин, албатта) бироз нокамтарона баҳоланиши мумкин. Бироқ, шахсан менинг жаҳлим чиқмади. Ромарио чиндан ҳам аср юлдузлари сафида туришга ҳақли ўйинчидир. Пеле кетганидан сўнг, 24 йиллик сукунатни бузишга айнан Ромарио сабабчи бўлди.

Шундан кейингина биз таниган ва биз ҳурмат қилган Бразилиянинг ишлари юришиб кетди. Шу жиҳатдан олганда, ўзини Пеледан кейинги ўринга қўйгани ҳам қайсидир асосда тўғри бўлиб чиқади. АҚШ яшил майдонларида Бразилия байроғини кўтариб юрган бу ўғлоннинг сариқ либоси оқ-қора саҳифада ҳам рангини йўқотмагандек, а, сезяпсизми?!

Хайрулла Ҳамидов

Манба: www.uff.uz

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 71691 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37281 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21600 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81383 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 61962 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 1229 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 857 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 784 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 350 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 672 Маданият
Кўпроқ янгиликлар