Испаниянинг «Реал» клуби ҳужумчиси Карим Бензема олдинроқ уни Франция терма жамоасига муносиб деб билмаган мамлакат бош вазири Мануэль Вальсга жавоб қайтарди.

«Профессионал футболдаги 12та мавсум давомида 541 учрашув ўтказиб, бирорта ҳам қизил карточка олмаганман. Фақатгина 11 сариқ карточка бор. Мен шу натижаларим билан ҳам намуна бўла олмайманми?» — деб ёзган Бензема ўз твиттерида.

Олдинроқ Вальс: «Машҳур спортчи ёшлар учун намуна бўлиши керак. Мен федерация президенти ҳам, бош мураббий ҳам эмасман. Улар ким терма жамоада ўйнашини ҳал қилишади. Аммо шахсан менга қолса Бенземани термага қайтаришни тўғри иш деб ҳисобламаган бўлардим», дея таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада суд Бенземага Франция термасига қайтиш ва Матье Вальбуэна билан бемалол суҳбатлашишига рухсат берганди.