6 кишининг қотили бўлган мичиганлик таксист Uber хизматини судга берди

Жамият 17 Март 2016 363

21 февраль куни Мичиган штатидаги Каламазу округида кетма-кет қотилликларни амалга оширгани учун қўлга олинган, Uber онлайн-буюртма хизмати ҳайдовчиси бўлган 45 ёшли америкалик Жейсон Далтон Uber хизматини судга берган. У хизматдан 10 млн доллар миқдоридаги маблағ ундиришни мақсад қилган. Айни вақтда бу борадаги талабнома Детройт шаҳри судига юборилган.

6 кишининг қотиллигида айбланаётган бу шахс ўз жиноятини Uber компанияси томонидан етказилган руҳий жароҳатлар туфайли амалга оширганини иддао қилмоқда.

Далтон компанияни ўз ходимларига ғамхўрлик қилмасликда айблаган ва ўзи узоқ йиллардан буён ишлаб келган бўлсада жамоавий зиёфатларга таклиф этилмагани, байрамларда табрик олмаганидан азият чекканини билдирган.

"Мен ҳозир айнан Uber туфайли қамоқда ўтирибман", деган у ва компания ўз ҳаётини издан чиқариб юборганини таъкидлаган.

Далтон шу туфайли компаниядан маънавий зарарни ундирмоқчи.

Uber томони эса жиноятчининг бу даъволари асоссиз эканини айтмоқда. Уларнинг билдиришича, бу шахс компанияга январь ойидагина қабул қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Мичиганнинг Каламазу округидаги бир неча туманларда автомобиль ҳайдовчиси тартибсиз равишда ўт очди. Аввалига у хусусий уй яқинида ўқ узди ва бир аёлни яралади. Орадан уч соат ўтиб, жиноятчи биринчи ҳодиса жойидан бир неча километр узоқликда яна ўт очди ва бунинг оқибатида икки киши ўлдирилди, бир киши жароҳат олди. Шундан сўнг эркак маҳаллий ресторан яқинида бир йўла тўрт кишини отиб ташлади, бир кишини яралади.

45 ёшли Жейсон Далтон ўз жиноятларини амалга оширганидан бир неча соат ўтгач, полициячи уни қидирувга берилган машинасида маҳаллий бар автотураргоҳидан юраётганида пайқаб қолганидан сўнг қўлга олинди. Ҳибсга олиш чоғида бу шахс қаршилик кўрсатмади, автомобилида эса қотилликлар содир этилган ярим автомат пистолет топилди.

У судда ўз қилмишларига иқрор бўлган, унга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши кутилмоқда. Мичиган штатида ўлим жазоси тақиқланган.

Кўпроқ янгиликлар