БМТ Мария Шарапова билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди

Спорт 17 Март 2016 478

БМТ россиялик теннисчи Мария Шарапова билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. Халқаро хамжамият вакилининг сўзларига қараганда БМТ ҳамкорлик учун Мария Шараповага миннадорчилик билдирди. Аммо суриштирув ишлари тугагунга қадар у билан хамкорлик тўхтатиб турилади. Маълумки, 28-ёшли Мария 9 йил БМТнинг тинчлик элчиси бўлиб келган эди. БМТнинг «Тинчлик ва эзгу ният элчиси» тўғрисидаги Қоиданинг 28 моддасига кўра, БМТ мақсад ва принципларига мос равишда фаолият юритмаган инсон бу мақомдан маҳрум этилади.

Шу йилнинг 7 март куни Мария Шарапов Лос-Анджелесдабўлиб ўтган матбуот анжуманида 10 йил давомида мельдоний истеъмол қилиб келганини тан олди. 9 март куни Буюк Британининг The Times газетаси Мария Шарапова камида беш марта мельдоний 1 январдан тақиқланган препаратлар рўйхатига киргани борасида огоҳлантирилганини ёзди. Бу борадаги маълумот барча спортчиларга сентябр ойидан бошлаб Жаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA), Аёллар теннис ассоциацияси (WTA) ва Халқаро теннис федерацияси томонидан юборилган. Бироқ бу каби хабарларни Мария Шарапова кескин инкор қилди. Унинг айтишича бу борада ёзилган мактубни 2015 йилнинг 22 декабр куни олган. «Мен ўзимни оқламоқчи эмасман. Аммо мени беш марта огоҳлантиришгани хақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди» деб ёзди Мария Шарапова ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Халқаро теннис федерацияси Мария Шараповани 12 мартдан эътиборан мусобақалардан вақтинча четлаштирди. Мазкур иш бўйича илк эшитувлар 23 март куни Лондонда бўлиб ўтади. Агар Мария Шарповага нисбатан енгилроқ жазо берилгудек бўлса, у ҳолда Жахон аксилдопинг агентлиги (WADA) Спорт арбитраж судига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Бу хақда агентлик раҳбари Крейг Риди маълум қилди.

Мария Шарапова, агарда спортдан маълум муддат четлаштириладиган бўлса, у холда унинг чўнтагига ҳам катта зиён етиши аниқ. Маълумки, спортчилар билан хамкорлик қиладиган йирик компаниялар бу каби мажоролардан имкон қадар йироқда бўлишга интиладилар.

Ўтган йили август ойида Forbes нашри аньанага кўра, энг бадавлат спортчилар рўйҳатини эълон қилган эди. Бу рўйҳатга кўра, Мария Шарапова ўн биринчи бор биринчликни бой бермай келаётгани ошкор бўлди. Ҳисобот даврида унинг бойлиги 29,7 миллион долларни ташкил қилди. Маблағларнинг атиги 6,7 миллион долларини теннис мусобақаларида қўлга киритган. Қолганлари эса хамкорлар билан имзоланган шартномалар орқали топилган.

Шуни таъкидлаш керакки, Американининг спорт либослари ишлаб чиқарувчи Nike компанияси Мария Шарапова билан ҳамкорликни тўҳтатишга қарор қилган эди. Nike комапанияси билан Мария Шарпова 2010 йилда 10 йил муддатга 70 миллион долларлик шартнома имзолаган эди. Nike Мария Шарапова билан унинг ёшлигидаёқ ҳамкорликни бошлаган, либос ва оёқ кийимларини айнан унга ишониб топширган, рекламаларига жалб қилган эди. Аммо Мария Шарапова осмонида қора булутлар пайдо бўлиши биланоқ Nike биринчи бўлиб унинг хизматидан воз кечди.

Шу каби қарорни Швейцариянинг соат ишлаб чиқарувчи TAG Heuer компанияси ҳам қабул қилди. Германиянинг Porsche компанияси эса суриштирув ишлари давом этаётган бир вақтда россиялик спортчи иштирокидаги барча тадбирлар бекор қилинганини маълум қилди. Минерал сув ишлаб чиқарувчи Evian компанияси эса Шарапова мельдонийни қонуний истеъмол қилганини айтиб, у билан аввал эришилган шартномалардан воз кечмади. Жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси билан Avon (косметика), American Express (молия) ва Tiffany (заргарлик тақинчоқлари) каби брендлар ҳамкорлик қилади. Уларнинг ҳар бири билан 1,5 миллион долларлик битимлар имзоланган. Ҳозирча бу брендлар ўз қарорларини эълон қилишгани йўқ.

Мария Шарповага ракетга етказиб берувчи Head компанияси мельдонийни допинг сифатида қабул қилинишига қарши чиқди. Бу хақда фирма раҳбари Йохан Элиаш маълум қилди. «Биз Жаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA)нинг мельдонийни тақиқланган препаратлар рўйҳатига киритишига шубҳа билан қараймиз. WADA илмий тадқиқотларини ошкор қилишини сўраймиз», — деди Элиаш. 10 март куни Head компанияси Шарапова билан имзоланган Шартнома узайтирилишини маълум қилди.

Шу йилнинг май ойида теннисчи Мария Шарапова бренди остида Sugarpova шоколадлари сотувга чиқарилади. Бу хақда Baron Chocolatier компаниясининг катта вице-президенти Кристофер Маттина баёнот берди. The Guardian нашрининг ёзишича, хамкорлик борасидаги келишув шу йилнинг февраль ойида Мария Шарапова бренди ва шоколад ишлаб чиқарувчи компания ўртасида имзоланган. Кристофер Маттинанинг айтиишича, Мария миллионлаб одамлар учун намуна бўлган ва намуна бўлиб қолади. «У атайлаб хато қилмади. Унинг ўз хатосини тан олгани ҳурматга лойиқдир. Биз у яна қайта теннис ўйнаш имкониятига эга бўлишига ишонамиз. Нима бўлишидан қатьий назар биз уни қўллаб-қувватлаймиз», деди Кристофер Маттина.

Мельдоний шу йилнинг 1 январидан тақиқланган дорилар рўйҳатига киритилди. Бироқ дорини кашф қилган латвиялик олим Ивар Калвиньш мельдонийни допинг сифатида қабул қилинишига қарши чиқмоқда. У бу дори юракни босимлардан ҳимоя қилишни айтар экан, унинг тақиқланиши инсон ҳуқуқларини бузиш эканини таъкидлади.

Россия бош вазирининг ўринбосари Аркадий Дворкович мельдонийнинг Жаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланиши сиёсий мақсадларни кўзлашини маълум қилди. Спорт вазири Виталий Мутко мельдоний тақиқланган препаратлар рўйхатидан чиқариб ташланишига ишонишини билдирди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, россиялик спортчилар атрофида юзага келган шов-шувлар натижасида мельдоний, ёки иккинчи номи милдронатга бўлган талаб ортиб кетган. Бу хақда мазкур дорини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Латвиянинг Grindex компанияси Бошқарув кенгаши раиси Юрис Бундулис баёнот берди. «Мажоро тиббиёт муассасамизга асло таъсир қилгани йўқ. Аксинча препаратнинг обрўси ошишига сабаб бўлди. Экспертларнинг айтишича интернет-аптекаларда милдронатларнинг ҳаммаси харид қилинган», деди Бундулис. Унинг айтишича, айни дамда дорини Россияда ишлаб чиқариш масаласи мухокама қилинмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова воқани изоҳлар экан, «допинг мажороси Россияга қўлланилаётган босимлардан биридир», деди.

Россия матбуотида спорт тиббиётида фаолият юритувчи номаълум экспертнинг фикрларига таянилган холда АҚШ аксилдопинг агентлиги (USADA) мельдонийни тақиқланган препаратлар рўйҳатига киритиш учун 7 миллион доллар сарфлагани борасидаги фикр-мулоҳазалар пайдо бўлди. Экспертнинг айтишича, бу сиёсий буюртма бўлган. 10 март куни пайдо бўлган хабарларга кўра Жаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) мельдонийни АҚШ аксилдопинг агентлиги таклифи билан тақиқланган препаратлар рўйҳатига киритган.

Айрим интернет сайтларида мельдоний ҳарбий мақсадлар учун яратилгани ҳақидаги фикрлар пайдо бўлди. Мазкур дори инсон организимида 120 кунгача бўлиши айтилмоқда.
Айни дамда 99 нафар спортчининг қонида мельдоний борлиги аниқланган. Уларнинг 8 нафари россиялик спортчидир.

Шарофиддин Тўлаганов

Кўпроқ янгиликлар