15 март куни Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни нишонланди. Ўзбекистонда бу борада ишлар қандай олиб борилмоқда, бугунги кундаги истеъмолчининг нимадан кўнгли тўлмаяпти, қандай реклама унинг асабига тегмоқда ва ўзбек консьюмеризми қай йўналишда ривожланиши ҳақида Давлат рақобат қўмитасининг реклама фаолияти устидан назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов Sputnik мухбирига сўзлаб берди.

1996 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун қабул қилинган бўлиб, унга БМТ Ассамблеясининг 1985 йилда қабул қилинган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принциплари асос қилиб олинган.

“Бизнинг қонунчилигимизни бошқа мамлакатлар қонунчилигидан фарқли тарафи шундаки, истеъмолчилар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотларга боғланмасдан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органларига мурожаат қилишлари мумкин”, - деб таъкидлади Дилшод Азимов.

Мисол учун бундай мурожаатлар Давлат рақобат қўмитасига ёзма мурожаат орқали ёки my. gov. uz электрон порталида ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

Хизмат кўрсатувчилар ёки маҳсулот ишлаб чиқарувчилар қонунчилик бўйича жавобгарликка тортилишлари ҳам мумкин. Бундай ҳолатлар, тадбиркор реклама роликида маҳсулотнинг нархини 1000 сўм деб эълон қилса, лекин дўқонда маҳсулотни 1200 сўм, рекламадаги нарх - эски нарх эди, деб ҳаридорга айтилса, бундай ҳолатда биз аралашиб, эълон қилинган нархда сотилишини таъминлаймиз, - деб давом эттирди Дилшод Азимов.

“Бундан ташқари, биз интернетдаги ва ижтимоий тармоқлардаги истеъмолчилар яратган гуруҳларини ҳам кузатиб борамиз. Уларда истеъмолчилар бераётган изоҳлардан келиб чиққан ҳолда муаммолар қаерда эканлигини ва уларга қандай ечимлар топиш мумкинлигини режалаштирамиз”, - дейди давлат ходими.

Истеъмоличилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигимизда кўпгина ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу борада амалга оширилаётган ўзгаришлар истеъмолчиларнинг талаблари кўриб чиқилгандан сўнг киритилмоқда.