"Реал" жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду яна бир марта Марокашга ўз дўсти кикбоксёр Бадр Ҳари билан учрашиш учун борди ва бу билан жамоа президенти Флорентино Перес қўллаган тақиқни бузди. Бу ҳақда Марокашдаги маҳаллий нашрларга таянган ҳолда AS хабар тарқатган.

Футболчи 12 март куни Испания чемпионатининг навбатдаги турида "Лас-Пальмас"га қарши ўтказилган учрашувдан кейиноқ шахсий самолётида Марокашга учган. У 2 кунни сафарда ўтказган ва машғулотларга келиб қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, «Реал» клуби раҳбарияти январь ойида клуб имижига зарар етказмаслик мақсадида Роналдуга марокашлик дўсти олдига тез-тез бориб туришни тақиқлаганди.

Лекин 1 февраль куни Роналду "Эспаньол"га қарши 6:0 ҳисобидаги йирик ғалаба қайд этилган ўйиндан кейин бу тақиққа риоя этмаган ҳолда Марокашга кетганди.

Кейинроқ футболчи бу ташрифдан мақсади дўсти билан учрашиш бўлмагани, бу бизнес билан боғлиқ сафар бўлганини маълум қилганди.

Қайд этиш керакки, "Лас-Пальмас"га қарши ўйинда 2:1 ҳисобидаги ғалаба қайд этилган бўлсада, Роналду бу ўйинда тўпга атиги 28 марта тегиниб, ўз антирекордини қайд этганди.

«Реал» клуб имижига зарар етказмаслик мақсадида Роналдуга марокашлик дўсти олдига тез-тез бориб туришни тақиқлади

Роналду тақиқни бузиб, «Эспаньол»га қарши ўйиндан кейин яна Марокашга борди