16-22 март кунлари Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари Ўзбекистондаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Тиббий кўриклар 16-17 март кунлари Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, 18 март куни Жиззах ва Сирдарёда, 19 март куни Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида, 20 март куни Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятларида ўтказилади.

Тиббий кўрик натижаларига кўра, энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган вақтга жўнатилади, деб хабар қилади “Соғлом авлод учун” фондининг сайти.

Маълумот учун, 2002 йилда “Соғлом авлод учун” фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти томонидан уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди.

2015 йилнинг 18-25 июнь кунлари германиялик мутахассислар томонидан Ўзбекистон ҳудудларидаги жами 505 нафарга яқин бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 35 нафар бемор болаларнинг ҳужжатлари танлаб олиниб, Германия клиникаларида соғломлаштирилмоқда.

17 февраль куни Тошкент халқаро аэропортидан 11 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун жўнаб кетишиб, ўтган йиллар давомида Германияга даволаниш учун жўнатилган 13 нафар бемор болалар даволаниш курсларини ўтаб, 21 февраль куни соғломлаштирилиб қайтишганди.

Ушбу ҳамкорликнинг давоми сифатида 16-22 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 мартдаги 10-10/1-139-сонли тасдиқланган Дастури доирасида Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари 16-17 март кунлари Фонднинг тиббий-ижтимоий Маркази (Юнусобод тумани Ш.Рашидов кўчаси 94а-уй)да Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, Жиззах ва Сирдарё (18 март куни – Жиззах шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида) Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро (19 март куни – Қарши шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий ва Хоразм (20 март куни – Самарқанд шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида) вилоятларидаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган вақтга жўнатилади.