Ижтимоий тармоқларда спорт устаси, актёр Ҳабибулла Низомовнинг Амир Темур қиёфасида тушган сурати тарқалмоқда.

Унинг айтишича, бу суратни ижтимоий тармоқларга жойлаштирганидан буён саволлар тинмаяпти.

“Кун келиб менга бундай масъулиятли вазифани топширишади, деб ўйламагандим. Албатта, Амир Темур ролини ҳар бир актёр ижро этишни орзу қилади. Нозим Аббосов томонидан менга берилган таклиф кутилмаган бўлди. Ушбу ҳужжатли фильмда иккита ролни ижро этганман”, дейди Ҳабибулла Низомов.

“Qalampir” нашрининг маълум қилишича, шу кунларда режиссёр Нозим Аббосов томонидан Шаҳрисабз шаҳрининг юбилейи муносабати билан ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Унда Амир Темур ролини спорт устаси Ҳабибулла Низомов ижро этган.

Нозим Аббосовнинг айтишича, Ҳабибулло Низомов “Дилор, Дилор, дил ва ор” фильмида рол ижро этган вақтда, унинг қиёфасида Амир Темур образига хос чизгиларни кўрган ва вақт ўтиб, ҳеч қандай “проба”ларсиз уни бу ролга таклиф қилган.

“Ўйлашимча, Амир Темур роли ниҳоят ўз эгасини топди”, дейди режиссёр.

Маълумотларга кўра, фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистон Давлат амалий санъат музейида олиб борилган, сценарий муаллифи Маҳмуд Тўйчиев ҳисобланади.