БМТ Бош Ассамблеясининг 2012 йил 28 июнь куни қабул қилган резолюциясига биноан сайёрамиздаги ҳар бир инсоннинг бахтга интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили 20 март куни Халқаро бахт куни (International Day of Happiness) нишонланади.

Бутан, Бирлашган Араб Амирликлари, Венесуэла, Эквадор ва Шотландияда Бахт вазирлиги бор. “Бахтга интилиш дунёдаги барча одамларнинг умумий туйғуси”, деган фикрни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъқуллади. Бутан қироллиги томонидан таклиф қилинган мазкур ғоя БМТ Бош Ассамблеясида халқаро хамжамиятга аъзо барча 193 та мамлакат томонидан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа A/RES/66/281 рақамли резолюция қабул қилинди. Ҳужжатда барча мамлакатларни ҳар бир одамнинг фаровонлигини яхшилашга чақирилади. Байрамдан кўзланган асосий мақсад ҳар бир инсон бахтли бўлишга хақли эканини кўрсатишдан иборат. Бунинг учун фақат ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат зарур. Бахтли бўлиш эса жуда ҳам осондир.

Халқаро Gallup InternationalWIN тадқиқот агентликлари мустақил уюшмаси ҳар йили сайёрамиз аҳолиси ўртасида “Йил якуни” (End of the Year) мавзуида ижтимоий сўров ўтказади. Респондентларга бериладиган саволлар орасида анъанавий тарзда шахсий бахтлари хақида хам сўралади. 2015 йил охирида 68 мамлакатда истиқомат қилаётган 66 минг аҳоли ўртасида сўров ўтказилди. Сўров натижаларини таҳлил қилган мутахассисларнинг фикрича, сайёрамиз аҳолисининг 66 фоизи, тўғрироғи ҳар уч инсоннинг иккитаси ўзини бахтли хисоблайди. Ўзини бахтсиз хисобловчилар атиги 10 фоизни ташкил қилади. Респондентларнинг 23 фоизи бахт нималигини ҳис қилмасликларини, шахсий ҳаётларида бахт йўқлигини айтишган.

Sustainable Development Solutions Network SDSN ва Колумбия университетининг 16 март куни эълон қилган дунёнинг энг бахтли мамлакатлари рейтингида 157 та давлат орасида биринчи ўнликка Дания, Швейцария, Исландия, Норвегия, Финляндия, Канада, Нидерландия, Янги Зеландия, Австралия ва Швеция кирди. АҚШ 13-ўринни, Буюк Британия эса 23-ўринни эгаллади. Францияга 32- ўрин, Италияга эса 50-ўрин насиб қилди. Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги мамлакатлари орасида энг бахтли давлат сифатида Ўзбекистон тан олинди. Умумий ҳисобда эса мамлакатимиз 49-ўринни қўлга киритди.
Қозоғистон 54-ўринда, Молдавия 55-ўринда, Белоруссия 61-ўринда, Россия 64-ўринда турибди. Туркманистанга 65-ўрин, Қирғизистонга 85-ўрин, Тожикистонга 100-ўрин насиб қилди. Украина эса 123-ўринни қўлга киритди. Энг бахтсиз мамлакатлар сифатида Сурия, Афғонистон, Гаити, Конго Демократик Республикаси, Чад, Мадагаскар, Уганда, Бенин, Хорватия ва Грузия тан олинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили World Happiness Index (“Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари”) рейтингида Ўзбекистон 44-поғонада, Ҳамдўстлик Давлатлари ўртасида эса биринчи ўринда қайд этилган бўлиб, Жанубий Корея, Япония, Италия, Малайзия ва бошқа давлатларни ортда қолдирган. Бундан ташқари бизнинг мамлакатимиз “бахт индекси” ҳар йилги ўсиш кўрсаткичида биринчи ўнталик давлатлари қаторидан ўрин олган. Мазкур тадқиқотда аҳоли фаровонлиги, Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра ўртача умр кўриш ёши, ялпи ички маҳсулотининг аҳоли жон бошига тақсимоти, ҳавфсизлик даражаси, оиладаги ажримларнинг сони, ишсизлар кўрсаткичи, коррупцияга қарши кураш борасидаги амалий ишлар, аҳолининг фуқаролик ташаббуси ва эркинлигини амалга ошириш ҳуқуқи каби кўрсаткичлар ҳисобга олинган. Шунингдек, инсонларнинг бир-бирига нисбатан ишончи, яхши муносабатда бўлиши ҳамда кундалик хурсандчилик ва ташвиш сабаблари ҳам ҳисобга олинган.

Ўзбекистоннинг мазкур рейтингда юқори поғонани эгаллаши мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда юксалиб бораётган ҳаёт даражаси соҳасида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир. Халқаро ҳамжамият истиқлол йилларида Ўзбекистон — бахтиёр одамлар мамлакатига айланганини эътироф этади. Шундай экан, бугун биз фахр билан айтамиз — Ўзбекистон бахтли келажак юрти ҳамдир.

Қаерда таррақиёт ва умид бўлса, ўша ерда бахт мавжуд бўлиши ўз исботини топмоқда. Ўзини бахтли ҳисобловчи инсонлар, асосан, Осиё ва Жанубий Америкада истиқомат қилиши аниқланди. Ғарбий Европа аҳолиси эса тушкун кайфиятда экани ойдинлашди. Кузатувчиларнинг фикрича, аҳолининг қўлидаги бойлик бахтни англатмайди. Бахтга тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган юртдагина эришилади. Даромади юқори бўлган мамлакатларга нисбатан даромади пастроқ бўлган давлатларда яшаётган инсонлар ўзларини бахтли санашлари бахт пулда эмас, деган мақолнинг нечоғлиқ тўғрилигини исботламоқда. АҚШнинг Принстон университети олимларининг фикрига кўра, инсон бахти мутлақо пулга боғлиқ эмас экан. Чунки, бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди. Бу тадқиқотни энг таниқли икки олим – психолог, Нобель мукофоти совриндори, профессор Даниэль Кознман ҳамда иқтисодчи Алан Крюгер олиб боришди. Уларнинг хулосасига кўра, бойлар бошқаларга нисбатан бахтлироқ эмас ва бўлолмайдилар ҳам!..

Gallup InternationalWIN Вице-президенти ва Ромир тадқиқот холдинги президенти Андрей Милехиннинг айтишича, бахтга эришиш тушунчаси у ёки бу миллатнинг маданиятидан далолатдир. Яъни қаерда эртанги кунга ишонч ва умид бўлса, ўша ерда энг бахтли инсонлар истиқомат қилади.

Сўнгги ярим аср мабойнида дунё мамлакатларида сезиларли даражада иқтисодий юксалиш содир бўлган эса-да, “Бахт кўрсаткичи” ҳамон ўзгармай қоляпти. Даромади жуда ошиб кетган кишилар ўзларини бошқаларга нисбатан бахтлироқ ҳис этишмаяпти. Аксинча, бойларнинг ишлари бошларидан ошиб-тошиб ётибди ва улар ўзлари учун яшаш вақтига эгалик қилолмаяптилар.

Бахт фақат мол-дунё, амал, мартаба ёки ўткинчи ҳис-туйғулардангина иборат эмас. Инсонга берилган ҳар бир неъмат бахтдир. Кишининг уйи, оиласи, бола-чақаси тинч-хотиржам бўлса, танаси соғ-саломат бўлиб, овқатлангани таоми бўлса, бундан инсон ўзини бахтлилардан ҳисобласа бўлади.

Тўғри бахтга осонлик билан эришилмайди. Бунинг учун меҳнат қилиш ва унга интилиш керак. Донишмандлардан бири айтганидек, инсонлар бахтли бўлишга ҳақли ва шу билан бирга бахтли бўлишга мажбур.

Шарофиддин Тўлаганов