Chevrolet компанияси Sonic оиласининг (Россия ва Ўзбекистон бозорида модель Aveo деб номланади) янгиланган талқинини намойиш этди. Бу ҳақда Сarzone нашри хабар беради. Седан ва хэтчбекнинг оммавий намойиши март ойи охирида Нью-Йоркдаги моторшоуда бўлиб ўтади.

Рестайлинг қилинган “Соник” янги авлод Spark компакт-кари услубида ишлаб чиқилган ўзгача радиатор панжарасига эга бўлди. Бундан ташқари, модель ёруғлик диодли шакли ўзгартирилган асосий чироқлар, ўзгача олд ва орқа бампер, янги капот ва ўзгача дизайндаги ғилдирак дискларига эга бўлди.

Машина интерьери фотосуратлари ҳозирча эълон қилингани йўқ, бироқ компания “Соник”да модернизацияланган олд панел ва қиздириладиган ўзгача рул чамбараги бўлишига ваъда бермоқда. Бундан ташқари, модель билан 7 дюймли дисплей, Apple CarPlay ва Android Auto`ни қўллаб-қувватловчи интерфейс, Wi-Fi нуқтаси ва LTE тармоғига уланиш имконига эга янгича ахборот-кўнгилочар комплекс таклиф этилади.

Двигателлар сафи ўзгаришсиз қолади. Улар 1,8 литр ҳажмли “атмосфера” ва 1,4 литрли 138 от кучига эга турбомоторни ўз ичига олади. Трансмиссия – олти босқичли “механика” ёки худди шу диапазондаги “автомат”.

Янгиланган Chevrolet Sonic оиласи автомобилларининг Америкадаги савдоси 2016 йил кузидан бошланади. Машина нархи тахминан 14,5 минг доллардан бошланади.