Янги мавсумга пухта тайёргарлик кўраётган «Динамо» жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш юз берди.

Самарқанд вилояти футбол федерацияси президенти таклифига биноан, «Динамо» клуби бош мураббийи этиб Илҳом Шарипов тайинланди. «Динамо»даги футболчилик фаолияти билан самарқандлик мухлислар меҳрини қозона олган собиқ футболчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида 1994 йилги Осиё чемпиони саналади. 48 ёшли маҳаллий мутахассис бунгача «Пахтакор» клубида селекционер-мураббий сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Клуб раҳбарияти томонидан Илҳом Шарипов олдига жорий мавсум якунларига кўра, жамоани Олий Лига олиб чиқиш ва кейинги йилдан Самарқандда барқарор ва курашувчан жамоани яратиш вазифаси юкланди. Шарипов клубда бош менежер сифатида ҳам фаолият юритиб, жамоада маҳаллий ёш футболчилар етишиб чиқишига алоҳида эътибор бериши тайинланди. Мураббийлар штабида унга яна икки маҳаллий ёш мутахассис Учқун Қобилов ва Рафаэль Баласанянлар ёрдам беришади.

Футболчи сифатида бир қатор ютуқларга эришиб, юртимиз футболида ўз ўрнига эга бўлган Илҳом Шариповга бошлаётган мураббийлик фаолиятида ҳам омад ва зафарлар тилаб, нафақат Самарқанд, балки ўзбек футболи ривожи учун ҳам хизмат қилишини тилаб қоламиз.

Манба: fcdinamo.uz