Вашингтондан Гонолулуга рейс амалга ошираётган самолётда йўловчи қиз қўлидаги iPhone 6 смартфони ўз-ўзидан алангаланиб, буткул ёниб кетган. Борткузатувчилар алангани тезда ўчиришди ва самолёт Гавайига бешикаст қўнган. АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси ва смартфонни ишлаб чиқарувчи Apple компанияси ушбу ҳолатни тергов қилишни бошлашди, деб хабар бермоқда ABC телекомпанияси.

Йўловчининг айтишича, у смартфонида фильм томоша қилиб ўтирганда смартфондан 20 см келадиган аланга тиллари чиқа бошлаган. Қиз смартфонни полга улоқтириб юборган, смартфон ўриндиқ остига думалаб кетган. Аланга кучайиб кетиб, саросима бошланган.

Оқибатда смартфон буткул ёниб кетган, унинг корпуси қийшайиб, эриб кетган.

Alaska Airlines авиакомпанияси вакилининг айтишича, АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси оператив ҳолда аланга чиқиши сабабини аниқлай олмаган. Ўз навбатида Apple воқеа тафсилотларини ўрганиш учун смартфон эгаси билан боғланган.