Боксчи Рой Жонс ММА жангчисини нокаутга учратди

Спорт 21 Март 2016 449

Россия фуқаролигига эга АҚШлик машҳур бокчси Рой Жонс АҚШнинг Финикс шаҳрида ММА жангчиси Вайрон Филипс билан жанг ўтказди. Бокс қоидалари бўйича ўтган жанг 47 ёшли Жонснинг ғалабаси билан якунланди: боксчи ўз рақибини 2-раундда нокаутга учратди.

Аралаш яккакураш жангчиси Филипс учун бу жанг профессионал боксдаги илк жанги бўлди. Бунгача у ММА’да (Аралаш жанг санъати) 8 та жанг ўтказиб, 5 тасида ғалаба қозонган, 3 тасида мағлубиятга учраганди. Қоидаларга кўра, Жонс билан исталган одам жанг ўтказиши мумкин эди. Бунинг учун жангга номзод нима учун у айнан Жонс билан жанг қилишни истаётганини изоҳлаган видеони Жонсга юбориши керак эди. Натижада бу ҳуқуқни Филипс қўлга киритди.

Агар Филипс ютадиган бўлса 100 минг доллар олиши керак эди.

2015 йил сентябрда Россия фуқаролигини олган Рой Жонс бокс тарихида тўртта: 72,6 кг, 76,2 кг гача, 79,38 кг гача ва ўта оғир вазн тоифасида чемпион бўлган биринчи ва ягона боксчи ҳисобланади. Унинг ҳисобида 62 та ғалаба ва 9 та мағлубият бор.

Кўпроқ янгиликлар