Америкалик олимлар 28 турдаги илонларнинг заҳрига қарши таъсир этувчи дори ўйлаб топишди. Ишлаб чиқилган мазкур методнинг афзал тарафи шундан иборатки, у универсал бўлиш билан бир қаторда махсус шароитларда сақланишни талаб қилмайди.

Агар сизни заҳарли илон чақиб олса, албатта, унга қарши таъсир этувчи антидот мавжуд. Бироқ, барча дорилар илоннинг турига қараб заҳарга қарши кураша олади. Бундан ташқари, улар ўз кучини йўқотмаслиги учун улар истеъмол қилингунга қадар, музлаткичда сақланиши лозим. Мэтт Льюин ва унинг Калифорния фанлар академиясидаги ҳамкасблари яратаётган дори энди бу вазиятни янада енгиллаштириши мумкинлиги айтилган. Тадқиқотчилар шифокор ёрдамисиз илонларни 28 турдаги кенг тарқалган заҳрига қарши кураша оладиган универсал антидотни тақдим этишни режалаштиришганини маълум қилишди.

Илон чаққан вазиятда ишлатилувчи воситанинг яратилиш жараёнида дори инсон организмига тушгач, турли таъсир ўтказиши, жумладан, тери яллиғланиши, фалажлик, қон ивиши каби касалликларни ҳам келтириб чиқариш эҳтимоли борлиги қийинчилик туғдирди. Антидот самарали бўлиши учун бу жараёнларнинг барчасига ижобий таъсир кўрсатиши лозим эди.

Мэтт Льюин жамоаси илон заҳри таркибига кирувчи ва яллиғланиш жараёнида инсон танасида пайдо бўлувчи sPLA2 ферментига бор эътиборини қаратди. Олимлар sPLA2 ферментини олдини олувчи кимёвий бирикмаларни жамлаганидан сўнг кемирувчиларда тажриба ўтказишди ва уларнинг аниқлашига кўра, яллиғланишга қарши Вареспладиб (varespladib) моддаси sPLA2 ферментини камайтириш хусусиятига эга эканлигини аниқлашди.

Олимлар фикрига кўра, Вареспладиб 28 турдаги илон заҳри, жумладан, қора Мамба, Рассел қора илони, ҳинд кобраси, капча кобралари ва бошқа заҳарли илонларга қарши ўз таъсирини ўтказа олади. Мазкур дорини кемирувчиларга қўллаш натижасида, барча жониворлардаги sPLA2 ферментининг кучайиши тўхтатилиб, улар ўлимдан сақланиб қолинди.

Америкалик олимлар яқин кунларда янги антидотни одамларда ҳам синовдан ўтказишларини маълум қилишди ва бу дори минглаб инсонларни ўлимдан сақлаб қолишига ишонишмоқда.