Наврўз инсониятнинг энг қадимий байрамларидан бири бўлиб бир неча минг йиллардан бери ўзбекнинг ўзлигини намоён этиб келаётган қадриятидир.

Маълумки, Наврўз Шарқ халқларининг баҳор байрами сифатида минг йиллар мобайнида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятларни намоён этган холда нишонланади.

Бу байрам инсоният ўзлигини илк бор ёрқин намоён эта олгани билан ҳам аҳамиятлидир. Наврўз байрами 21 мартдан бошланиб бир неча кунлаб давом этган. 2009 йилнинг 30 сентябрь куни Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилган эди. Қарор Ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлароро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлароро мулоқот ва ўзаро тушинишни раҳбатлантириши таъкидланади. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

Эндиликда сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон халқаро байрамнинг тўлақонли иштирокчисига айланадиган бўлди. Наврўз яхши қўшничилик, хамкорлик, маданиятлароро мулоқотларни раҳбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бу байрам эндиликда халқаро хамкорликни ривожлантиришда муҳим рол ўйнашига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюцияда Наврўз кенг нишонланадиган давлатларнинг байрам билан боғлиқ аньана, маданиятини сақлаш ва ривожлантириш борасидаги хатти-ҳаракатлари юксак баҳоланади. Эндиликда, БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Наврўз нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ аньана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишлари керак бўлади.

Бош Ассамблея БМТнинг барча аъзо давлатларига мурожжат қилиб, Наврўз ҳақида ахборот беришни кучайтириш, шу билан бирга зарурат туғилганда БМТ ва халқаро ҳамжамиятнинг ихтисослашган тузилмалари, фонд ва дастурлари ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, нохукумат ташкилотлари томонидан ҳар йили Наврўз тантаналарини ташкиллаштириши юзасидан маслаҳат берди.

“Наврўз”нинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин. Шундай бўлсада, ишонч билан айтиш мумкинки, бу байрам доно ва зукко кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки “Наврўз” коинот ва табиат қонуниятлари, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш юз бериши, баҳорнинг келиши билан боғлиқ тарзда илмий асосланиб белгиланган. Бу эса ҳар қандай жамиятда “йил боши” (қачон келишидан қатъи назар) Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Аслида Наврўз ибтидоий жамоа даврида одамлар деҳқончиликка янги иш мавсуми бошлашдан олдин ўтказадиган баҳор байрами сифатида шаклланган. Замонлар ўтиши билан бу байрам такомиллашиб, унга мос кун аниқланган. У “йил боши” сифатида белгиланиб, унга “Наврўз” (яъни, “Янги кун”) деган ном берилган, деб тахмин қилиш мумкин.

Наврўз шамсий янги йилнинг бошланиши ҳисобланиб, тарихи минглаб йилларга бориб тақалади. Наврўзни нишонлайдиган ҳар бир мамлакатда ўзига хос анъаналари мавжуд. Эронда бу "ҳафт син", яъни "с" ҳарфидан бошланадиган етти хил ноз-неъмат билан безатилади. Афғонистоннинг Мозори Шарифида ҳазрат Али мақбарасида "Жанда Боло" маросимига минглаб кишилар йиғиладилар.

Наврўз шарқ халқларининг севимли ва бош байрами хисобланади. Жумладан Озарбайжонда ҳам Наврўз кенг нишонланади. Байрамнинг биринчи куни одамлар дарё ёки булоққа бориб, унинг сувини бир-бирларига сепадилар. Озарбайжонлииклар сувни поклик ва тозалик рамзи сифатида кўришади. Шу тариқа улар янги йилда бир-бирларига бахт-саодат тилайдилар. Шундан сўнг бир-бирларини ширинликлар билан меҳмон қиладилар. Наврўз куни албатта ширинлик истеьмол қилиш уларнинг азалий одати ҳисобланади. Марказий Осиё халқлари Наврўзни деярли бир хил кутиб оладилар.

Баъзи давлатларда бу байрам расмий тақиқ ва маън қилишлардан омон қолган, асраб келинган бир анъанадир. Заминга баҳор келиши билан барча юртларда миллий байрам ва анъаналар бошланади. Чунки дунё халқларининг ҳар бирида кўклам фасли ва янги йилга бағишланган анъана-ю, расм-русумлар бор. Уларнинг барчаси ўзига хос ва жозибали. Жумладан, Хитойда янги йил айёми январь ойи охири февраль ойи бошларига тўғри келади. Янги йилни нишонлаш "уй тозалаш"дан, эскирган буюмларни чиқариб ташлашдан бошланади. Бу қадимий юртда янги йил тантаналари "Chun jqe"- баҳор байрамига уланиб кетади.

Эрамиздан аввалги иккинчи асрдан бери нишонланиб келинаётган "Chun jqe" байрамининг мазмун-моҳияти, яъни хонадонларда меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, қарияларни зиёрат қилиш, болаларни хурсанд қилиш, деҳқончилик ишларига киришиш одатлари худди бизнинг Наврўз удумларини англатади.

Тинч океанидаги бир қатор ороллардан иборат Фижи митти мамлакатида қишдан баҳорга ўтиш кескин билинмайди. Денгиз ҳавоси доим мўътадилликни сақлаб туради. Бироқ Фижи гулининг очилиши баҳор келганидан дарак беради. Аҳоли баҳорни алқаб, турли тадбирлар ўтказа бошлайди.

Кунчиқар мамлакат Японияда баҳорнинг дастлабки ҳафтасида "Мома-но сэкку"-ўрик гули байрами нишонланади. Деҳқонлар шу куни бир-бирларини баҳор айёми бошланиши билан қутлаб, далага чиқадилар. Японияда ўрик гуллаши нафосат ва баҳорий гўзалликка қиёсланади.

Тайланднинг Чиангмай шаҳрида ҳар йили февраль ойининг биринчи жумасида "Гуллар сайри" маросими бошланади. Бу маросим юртга баҳор келганлигидан далолат бўлиб, икки кун ичида бутун мамлакатга ёйилади. Тайланд кўчалари қўлларида анвойи гуллар тутган ва башанг кийинган ёшу-қари билан гавжумлашади. Ёшу-кексаларнинг бир-бирларига гул тақдим этиб, қутлашлари баҳор рамзидир.

Руминия ва Молдова мамлакатларида баҳорнинг илк кунида "Мэрцишор" тантанаси бўлиб ўтади. Шу куни одамлар бир-бирларига оқ ва қизил дастрўмоллар тақдим этади. Дастрўмол олган кишилар уни бир ой авайлаб сақлаб юриб, 1-апрелда дарахтга илиб қўядилар. Бу-баҳор даракчисидир. Баҳорнинг асосий тадбирлари шундан сўнг бошланади.

Скандинавия халқлари баҳорни Май ойида кутиб оладилар. Тарихий анъанага кўра, денгизчи ва уй бекаси кўринишида кийинган бир гуруҳ йигит-қизлар денгиз ёки ўрмон четида катта гулхан ёқиб, унинг атрофида шўҳ рақслар тушиб, баҳорни кутиб оладилар. Шундан сўнг аҳоли масканларида кўклам фасли тадбирлари авж олади.Баҳорий анъана ва байрамлар қандай ҳолатларда нишонланмасин, ҳамманинг чеҳрасида бизнинг Наврўз айёмимиздек ўзаро самимият, меҳр-оқибат туйғулари ҳукм суради.

Шарофиддин Тўлаганов