Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультети катта ўқитувчиси Зокир Канаков 1978 йил Ўзбекистон Миллий университети (ўша пайтда ТошДУ) ни аъло баҳога битириб, ўз илмий фаолиятини Физика техника институти ва Ядро физикаси институтида давом эттирган. Диплом ишини Томск политехника институти қошидаги ядро физикаси институтининг электрон тезлаткичлар лабораториясида бажарган.

Ўзининг педагогик фаолияти даврида квант механикаси, ядро физикаси, атом физикаси, элементар зарралар физикаси, нурланишнинг моддалар билан таъсирлашуви, тезлаткичлар физикаси ва шу каби фанлардан машқ ҳамда лаборатория машғулотларини олиб борган.

Ҳозирда физика факультети “Ядро ва назарий физика” кафедрасида ўз илмий тадқиқотларини олиб бормоқдалар. Бугунги кунга қадар устознинг раҳбарлигида 17 талаба магистрлик диссертациясини, 50 га яқин талаба диплом ва малакавий битирув ишларини муваффақиятли ҳимоя қилишган. Уларнинг аксарияти республикамиз ҳамда дунёнинг кўпгина илмий марказ ва университетларида илмий педагогик фаолият олиб боришмоқда.

– Мен Зокиржонни талабалик давримдан биламан,– дейди “Ядро ва назарий физика” кафедраси мудири ўринбосари Аъзамжон Раҳматов.– У илмга чанқоқлиги ва тиришқоқлиги билан талабалар ва устозлар ҳурматини қозонган. Зокиржон ўз ҳаётини илмга бахшида этган фидоийлардан бири, ўз фаолияти давомида қатор ютуқларга эришган. 2008-2011 йилларда Математик физика, статистик физика бўйича дунёнинг энг яхши 100 муаллифи рўйхатига кирган. Илмий педагогик фаолияти давомида унинг 100га яқин илмий, услубий ишлари ва 5та ўқув ҳамда ўқув услубий қўлланмалари чоп эттилган.

Илм аҳли таваллуд айёмни қандай нишонлашни билишади. Қутловлар билан бошланган йиғин илмий семинарга уланиб кетди. Физика математика фанлари доктори Абдулла Носировнинг “Синтез сверхтяжёлых элементов поиск острова стабильности” мавзусидаги маърузаси тингловчиларга янгидан янги маълумотларни берди.

“Нисбийлик назариясининг 100 йиллиги” деб номланувчи маърузада эса Эйнштейннинг машҳур нисбийлик назарияси ҳақида сўз кетди. Олимнинг ҳаётидан келтириб ўтилган қизиқарли маълумотлар барчага манзур бўлди.

Ўз докторлик диссертацияси устида иш олиб бораётган Ҳаёт Исматуллаевнинг “Ангармоник потенциалда Бозе Эйнштейн конденсати динамикаси” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.