Бельгия термаси аъзоси: «Бельгия шок ҳолатида, мамлакатда хаос юзага келган»

Спорт 23 Март 2016 409

22 март терактлари юз берган кунда терма жамоа йиғинида иштирок этиш учун ватанига борган «Зенит» жамоасининг бельгиялик ҳимоячиси Николас Ломбертс Брюсселда терактдан кейинги аҳвол ҳақида сўзлаб берди.

«Бу улкан мусибат. Бельгия ҳозирда шок ҳолатида, барчаси вайрон бўлгандек. Ҳукумат фуқаролардан уйдан чиқмасликни сўрамоқда. Ҳозир мамлакатда хаос юзага келган.

Мен кеча, терактлардан олдинги кунда аэропортда бўлгандим. Ҳамма жойда полициячилар ва ҳарбийлар эди. Такси кутиб турганимизда, рафиқам мендан сўради: «Атрофингни шунча ҳарбий ўраб турган бўлса, ўзингни бехавотир сезишинг мумкинми?».

«Ҳа, хавфсизлик анча яхши таъминланган, агар сени кимдир отмоқчи бўлса, уни шу заҳоти бартараф этишади». Лекин бугун кўрдикки, баъзида уларнинг хуружини бартараф этишнинг иложи бўлмас экан», — дейди Ломбертс.

Эслатиб ўтамиз, Брюсселдаги терактлардан кейин Бельгия терма жамоасининг 22 март кунги машғулотлари бекор қилинди.

Питерликлар жамоасининг яна бир футболчиси Аксель Витсель ҳам терма жамоа йиғинида иштирок этиш учун Брюсселга борганди. ФИФА қоидаларига кўра, футболчилар терма жамоа базасини фақатгина жароҳат туфайли ёки терма жамоа учун ўйнашдан бош тортсагина тарк этиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 22 март, сешанба куни Брюссель аэропорти ва метросида содир бўлган бир неча портлаш натижасида сўнгги маълумотларга кўра 34 киши ҳалок бўлди, яна 200 дан зиёд киши жароҳатланди.

Кўпроқ янгиликлар