Лукас Браунда аниқланган допинг йўталга қарши дори таркибида бўлгани айтилди

Спорт 23 Март 2016 799

Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Лукас Браун унинг қони таркибида аниқланган препарат йўталга қарши дорида бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «Оламспорт» сайтида хабар берилган.

Лукас Браун берган маълумотдан кейин Россия тиббий қўмитаси раисининг ўринбосари Эдуард Безгулов унга изоҳ берди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, допинг боксчининг организмига у айтиб ўтган дори орқали тушиши мумкин эмас.

«Баҳоналар изланаётганда одатда икки хил важ кўрсатилади: ё йўтал дори, ёки гўшт маҳсулоти. Ҳозир суюқлик ҳақидаги ҳикоя жуда кулгили кўриняпти. Биринчидан, Австралияда кленбутеролли дорилар сотилмайди. Иккинчидан, жанг арафасида ёки жангдан кейинги қайдномаларида йўталдан даволаниш борасида гап-сўз бўлмаган. Спортчи унда допинг тестгача уч ҳафта давомида нималар қабул қилганини кўрсатиши керак. Қолаверса, доридаги дозалар болалар учун, улар жангдан сўнг аниқланмаган бўларди», — дейди Эдуард Безгулов.

Безгуловнинг сўзларига кўра, бунга қадар велопойгачи Альберто Контадор гўшт маҳсулоти орқали допинг қабул қилган бўлиб, спортчи бу борада оқланишга яқин бўлган.

«Пойгачининг организмига допинг гўшт орқали тушиши мумкин эди. Лекин Контадорни барибир дисквалификация қилишган», — деб айтиб ўтди Россия тиббий қўмитаси раисининг ўринбосари.

Бундан олдинроқ, супероғир вазн тоифасида чемпионлик камарини ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаевдан тортиб олган Лукас Браун допинг истеъмол қилганликда шубҳа қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

Шундан кейин Лукас Браун нималар бўлаётганини тушунмаётганини, энди ҳуқуқшунос излашини билдириб ўтганди.

«Бугун тарқалган хабарларни тушунмадим, лекин назаримда энди ҳуқуқшунос излашим керак», – деб ёзади Браун ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Руслан Чагаев ва Лукас Браун ўртасидаги чемпионлик жанги 6 мартга ўтар кечаси, Грозний шаҳрида ўтказилганди. Унда ўзбекистонлик боксчи рақибига 10-раундда техник нокаут билан мағлуб бўлганди.

Кўпроқ янгиликлар