22 март куни Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек музейида темурий шаҳзода, давлат арбоби ва олим бўлган Мирзо Улуғбекнинг таваллудига 622 йил тўлгани муносабати билан тадбир ўтказилди. Шу куни арбобнинг Самарқанддаги ҳайкали пойига гуллар келтирилди. Бу ҳақда музей маъмуриятига асосланиб, «Газете.uz» хабар тарқатган.

Маросимда шаҳар жамоатчилик арбоблари, Самарқанд Давлат табиат музейи ходимлари, мактаб ва лицей ўқувчилари, коллежлар ва олийгоҳлар талабалари иштирок этишган.

Маросимдан кейин иштирокчилар Мирзо Улуғбек музейидаги экспонатлар билан танишишган ва 15 асрда Мирзо Улуғбек томонидан қурилган расадхона ҳудудида бўлишган.

Музей вакиллари тарихий сиймонинг таваллуд куни муносабати билан «Мирзо Улуғбек» мультимедик дастурини тақдим этишган. Дастур ўз ичига рус ва ўзбек тилларидаги 30дан ортиқ китобни (Мирзо Улуғбек томонидан ёки унга бағишлаб ёзилган), 10та фильм ҳамда музей бўйлаб виртуал экскурсия ўтказишни ифодалайдиган видеони ўз ичига олган.

Дастур тузувчилари Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Равшан Амиров, Самарқанд Давлат университети қошидаги илмий-амалий музей лабаратория бошлиғи Раҳим Қаюмов ва Мирзо Улуғбек музейи директори Хонқул Сафаров ҳисобланишади.

Маълумот: Улуғбек Муҳаммад Тарағай (1394 йил 22 март, Султония шаҳри, Эрон Озарбайжони - 1449 йил 27 октябрь, Самарқанд)

Мирзо Улуғбек 1394 йилнинг 22 мартида, Амир Темурнинг Эрон ва Яқин Шарққа қилган "беш йиллик" уруши вақтида ҳозирги Озарбайжон ҳудудида жойлашган Султония шаҳрида дунёга келган. Улуғбек ўзбек халқи тарихида буюк астроном ва математик, давлат арбоби сифатида из қолдирган.

У темурийлар хонадонининг фарзанди сифатида ёшлигиданоқ сарой муҳитида сарой аъёнлари, олимлар, шоирлар таъсири остида тарбия топади. Унинг таълим олишини Амир Темурнинг ўзи ва бувиси Сароймулкхоним назорат қилган.

Ёш Улуғбек саройдаги йирик олимлар, хусусан Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румийдан сабоқ олади, қадимги юнон мутафаккирларининг асарлари билан танишади, табиатшунослик, математика, геометрия, география, кимё ва астрономияга оид билимларни чуқур эгаллайди. Натижада 20 ёшида у ўз даврининг йирик олимларидан бирига айланади.

Мирзо Улуғбек 1411 йилда Маворауннаҳр ва Туркистонга ҳоким бўлиб қолади. У давлат арбоби сифатида Самарқанд, Ғиждувон ва Бухоро шаҳарларида кўплаб мадрасалар ва масжидлар қурдиради ҳамда илм-фан ривожига катта эътибор қаратади. 1417-1428 йиллар давомида унинг бош-қошлигида, Самарқанд шаҳрида расадхона барпо этилади. 1428-1438 йиллар давомида у расадхонадаги изланишлари маҳсули сифатида "Зижи жадиди Курагоний" асарини ёзади. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлганлиги учун авваламбор у мусулмон мамлакатларидаги олимларнинг диққатини жалб қилган.

Амир Темурдан кейинги йирик ҳукмдор, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Мовароуннаҳрда бошқа темурий шаҳзодаларга ҳам мулк ажратган эди ва унинг ҳаётлик чоғида шаҳзодалар ўз мулкларида ҳокимлик қилиш билан кифояланишади.

Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилган. Биринчисида 1425 йилт Мўғулистон хони Шермуҳаммад ўғлон (1421-1425) ўзини мустақил хон деб эълон қилганда, Улуғбек унга қарши юриш қилиб зафар қозонган. Улуғбекнинг иккинчи юриши Сиғноқ шаҳри томон бўлган. Сирдарёнинг қуйи ҳавзаси Улуғбек тасарруфида эди. Улуғбек 1427 йили Сиғноқ яқинида унинг мулкига таҳдид қилган Бароқ ўғлон билан тўқнашган ва мағлубиятга учраган. Душман Улуғбекни таъқиб қилиб, Самарқанд остоналаригача келган. Мовароуннаҳр хавф остида қолгани туфайли Шоҳрух Мирзо Хуросондан катта лашкар тортиб келиб хавфни бартараф этади.

Шоҳрух вафоти (1447, 12 март)дан кейин Улуғбекнинг катта ўғли Абдуллатиф ворис сифатида темурийлар тахти ҳукмдори бўлиб қолади. Лекин, Шоҳрух Мирзонинг рафиқаси, малика Гавҳаршод бегим марҳумнинг учинчи ўғли бўлмиш Бойсунғур мирзонинг ўғли ва суюкли набираси Алоуддавла Мирзони ўтқазади. Ҳирот тахтига Алоуддавла ўтиргани Улуғбекка нисбатан исён сифатида қаралади ва Мирзо Улуғбек 1448 йил баҳорида ўғли Абдуллатиф билан биргаликда 90 минглик қўшин билан Хуросонга келиб, Ҳирот яқинида бўлган жангда Алоуддавлани тор-мор қилади. Ғалаба Абдуллатифнинг шахсий шижоати ва лашкарбошилик истеъдоди туфайли эришилган бўлса ҳам, Улуғбек фатҳномани кичик ўғли Абдулазиз номидан эълон қилади. Ундан ташқари, бобоси Шоҳрух томонидан Абдуллатифга васият қилинган Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъаси ва унинг ичидаги бойликларини ҳам Улуғбек Абдулазизга беради. Шундан сўнг Улуғбек билан Абдуллатиф ўртасидаги муносабат очиқ душманлик тусини олади. Улуғбек Самарқандда Абдулазизни қолдириб, лашкар билан катта ўғлига қарши жангга юради. Абдуллатиф ҳам ўз лашкари билан Амударё ёқасига келиб туради. Иккала лашкар ҳам дарёнинг 2 соҳилида узоқ муддат туриб, сувни кечиб ўтишга ботинмайди. Бу орада Улуғбек, "Абдулазиз Мирзо лашкардаги амирларнинг оилаларини таъқиб этаётир" деган хабарни эшитиб, Самарқандга қайтиб келишга мажбур бўлади ва шаҳар аҳолисининг Абдулазизга қарши исён кўтаргани гувоҳи бўлади. Тезда шаҳарни тартибга келтириб, яна катта ўғли Абдуллатифга қарши жангга йўлланади, лекин Самарқанд яқинида ундан мағлубиятга учрайди. Орадан кўп ўтмай, Улуғбек Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилади. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган.

Улуғбек Самарқандда 2та мадраса: бири - Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган.

Улуғбекнинг номи Европада ва умуман Ғарб мамлакатларида буюк бобоси Амир Темурнинг шуҳрати туфайли анча илгари маълум бўлган. Европадагилар Амир Темур ва унинг оила аъзолари ҳақида илк марта Самарқандга 1403-1405 йиллар давомида саёҳат қилган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавиходан эшитишган. Клавихонинг “Кундаликлар”и 1582 йил Севиляда ва 1607 йилт Парижда нашр этилганидан сўнг европаликлар дарҳол Амир Темур ва унинг оила аъзолари билан қизиққанлар. Улуғбек номи 17 аср бошиданоқ (1601 йилдан) Амир Темурга бағишланган драматик асарларда эслатилади. Бевосита Улуғбекка бағишланган Европадаги илк нашр инглиз астрономи Жон Гривс (1602-1652) қаламига мансуб. Унинг 1648 йилда нашр этилган асарида Улуғбек юлдузлар жадвалининг бир қисми (98та юлдуз) илова қилинган. 1665 йил яна бир инглиз олими Томас Хайд (1636-1703) Гривс билан боғланмаган ҳолда “Зиж”даги юлдузлар жадвалини форсий ва лотинча таржимада нашр этган. 1690 йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм ИВ ва ўзининг жадваллари билан солиштирган.

1725 йили инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм ИВ, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган. 1908-09 йиллар В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби - квадрантини кавлаб топгандан сўнг, Самарқанд олимларининг фаолиятига янгидан қизиқиш бошланади. Натижада 1918 йил В. В. Бартолднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган.

Яқин йилларгача Улуғбек фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра бўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд (ва) “Тўрт улус” (тарихи)ни (ҳам) ёзиб қолдирган эди”, деб ёзган. Улуғбекнинг туркийда ёзган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари Чингизхон босиб олган мамлакатларнинг 13-14 асрлар 1-ярмидаги сиёсий ҳаётини ўрганишда муҳим манбадир. Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида ҳам унинг шеърларидан намуналар келтирилган. Унинг даврида кўпгина асарлар араб ва форс тилидан эски ўзбек тилига таржима қилинган. Улуғбек ташкил этган бой кутубхонада турли фанларга оид 15 мингдан ортиқ жилдли китоб бўлган. Улуғбек ёшлигидан ўзга фанлар қатори мусиқа илмидан сабоқ олиб, бир қатор куй ва усуллар яратган, бу соҳага оид 5та рисола ҳам ёзган. “Рисола дар илми мусиқа” номли асари мусиқа тарихига бағишланиб, унда “12 мақом баёни”га доир махсус боби ҳам бўлган. Улуғбек “булужий”, “шодиёна”, “ахлоқий”, “табризий”, “усули равон” ва “усули отлиг” куйларини ижод қилади.

Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги 1994 йилнинг апрелида Парижда, ўша йилнинг октябрида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида тантанали равишда нишонланди ва халқаро конференциялар ўтказилди. Шу йили Тошкентда Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди. Улуғбек сиймоси Пулково расадхонаси, Москва университети конференц-залларида дунёдаги машҳур олимларнинг портретлари қаторидан жой олган. Самарқандда Улуғбекнинг мемориал музейи ташкил этилган. Тошкентда Ўзбекистон миллий университети, туман, кўча, маҳалла, метро бекати, истироҳат боғи, шаҳарча Улуғбек номи билан аталади. Фарғона педагогика университетига, Самарқанд архитектура-қурилиш институтига, Китоб халқаро кенглик станциясига, қишлоқ, мактаб ва бошқаларга Улуғбек номи берилган.

Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида пьеса (М. Шайхзода, “Мирзо Улуғбек” трагедияси), роман (О. Ёқубов, “Улуғбек хазинаси”; С. Бородин, “Самарқанд осмонида юлдузлар”), опера (А. Козловский, “Улуғбек”), поэма (М. Бобоев, “Улуғбек”), балет (М. Бафоев, “Улуғбек буржи”), фильм (Реж. Латиф Файзиев, “Улуғбек юлдузи”, 1965) ва бошқа яратилган.