"Бизга цирк келди" деб ном олган кўргазма 22 март куни Ўзбекистон рассомлар академиясининг кўргазмалар залида ўз ишини бошлади. Бу тадбир дунёдаги энг машҳур цирк ижодкорларидан бири – Зариповлар сулоласига бағишланади. Бу ҳақида "РИА" нашри хабар беради.

Мазкур кўргазмада циркка бағишланган либослар, эски суратлар, ҳужжатлар, афишалар, совринлар, тасвирий санъат намуналари ва рассомлар графикасини томоша қилиш мумкин. Шунингдек, кўргазманинг асосий қатнашчиси бўлган Эстрада-Цирк коллежи ўз концерт дастури билан иштирок этади.

Кўргазма доирасида ўзбек профессионал цирки асосчиси – Карим Зарипов таваллудининг 125 йиллиги ҳамда унинг рафиқаси, биринчи ўзбек клоунчи аёли ва цирк чавандози бўлган Муборак Зарипова таваллудининг 110 йиллиги нишонланади.

"Цирк артистларидан иборат бўлган Зариповлар сулоласи 120 йилдан бери фаолият олиб боради ва элликдан ортиқ циркнинг турли жанрларида ижод қилувчи усталарни жамлайди. Улар нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг таниқли цирк усталари ҳисобланишади. Ҳозирги кунда цирк ареналарида сулоланинг тўртинчи авлоди ишлаб келмоқда", - дейди Ўзбекистон эстрада-цирк коллежи ўқитувчиси Ёқуб Останаев.

Айни дамда Зариповлар сулоласи вакиллари нафақат Ўзбекистон майдонларида, балки хорижий цирк ареналарида, жумладан, дунёга машҳур Cirque du Solei циркида ҳам фаолият олиб боришмоқда.

1942 йилда Карим Зарипов ўша давр циркининг энг кучли ўнталигига кирган “Ўзбек цирк жамоаси”ни ташкил этади. Тўрт йилдан сўнг эса, “Ўзбекистонлик йигитлар” номли намойиш сулоланинг хорижий мамлакатлардаги танлов ва фестивалларда минглаб совринларни забт этишини таъминлайди. 2008 йилда Зариповлар сулоласи чавандозларининг яна бир чиқиши - “Ўзбек амазонкалари” (уч чавандоз битта от устида турли хил трюкларни амалга оширади) ўзининг мураккаблиги ва ноодатийлиги билан Гиннес рекордлари китобига киритилади.

Ушбу кўргазма 15 апрелгача давом этади.