Hatton Promotions промоутерлик компанияси профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA)нинг мунтазам чемпиони Лукас Брауннинг допинг можароси борасидаги расмий баёнотини эълон қилди. Бу ҳақда olamsport.com хабар берган.

“Барчани ишонтириб шуни айта оламанки, мен тақиқланган моддалар истеъмолига қаршиман ва ҳеч қачон бундай пасткашликка йўл қўймайман. Шу ўринда бир нарсани айтишим керак, мен ва жамоам Чеченистон ҳудудида жанг ўтказиш катта таваккал эканини олдиндан билган эдик. Лекин воқеалар ривожи бу даражада ўзгариб кетишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Энг аламлиси, айнан менинг жамоам допинг масаласига жиддий эътибор қаратган ва ихтиёрий допинг назоратидан ўтиш ассоциацияси, яъни WADA хизматига мурожаат қилганди. Ҳозирча шу гапларни айтиш билан чегараланаман. Тез орада барча масалага ойдинлик киритилади”, — деди Браун.

Австралиялик боксчи ўзбекистонлик Руслан Чагаевга қарши ўтказган жангидан сўнг допинг учун таҳлил топширганди ва унинг қон намунасида тақиқланган кленбутерол моддаси борлиги аниқланган. Бу эса Халқаро антидопинг ташкилоти (WADA) томонидан тақиқланган моддалар қаторига киритилган. Лукас Браунда «Б» намунаси натижаларини талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Руслан Чагаев ва Лукас Браун ўртасидаги чемпионлик жанги 6 мартга ўтар кечаси, Грозний шаҳрида ўтказилганди. Унда ўзбекистонлик боксчи рақибига 10-раундда техник нокаут билан мағлуб бўлган. Жангдан сўнг Браундан олинган допинг-таҳлил натижалари ижобий чиққан. Унинг қон намунасида тақиқланган кленбутерол моддаси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Лукас Браунда аниқланган допинг йўталга қарши дори таркибида бўлгани айтилди