Ўзбекистонда бизнес юритишга кўпроқ диққат қаратиш ниятида Тошкентга Америка компаниялари делегацияси келди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан 22 мартдан 24 мартгача ишбилармон гуруҳлар ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.

Давра суҳбати Ўзбекистон Републикаси ҳукумати томонидан АҚШ элчихонаси, АҚШ савдо вазирлиги, Американинг Ўзбекистондаги савдо палатаси ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида асосий эътибор соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси технологияларига қаратилган бўлса ҳам, бошқа турли масалалар ва Ўзбекистонда бизнес имкониятлари хусусида ҳам муҳокама олиб борилади.

13 та АҚШ компаниясининг 30 нафар вакили ушбу давра суҳбатида иштирок этиш учун Ўзбекистонга етиб келди. Уларнинг сафига Ўзбекистонга алоқадор ташкилот вакиллари ҳам қўшилади.