Украина президенти Пётр Порошенко футбол бўйича Украина терма жамоаси Европа чемпионатининг финал босқичига чиқа олгани учун терма жамоанинг 9 нафар футболчисига мукофот сифатида олувчининг номи ёзилган тўппончалар совға қилган. Шундай совғани терма жамоа бош мураббийи Михаил Фоменко ва Украина Футбол федерацияси раҳбари Андрей Павелко ҳам олган. Бу ҳақда Украинанинг "Вести" нашри хабар бермоқда.

Олег Гусев, Евгений Хачериди, Андрей Ярмоленко («Динамо» Киев), Андрей Пятов, Вячеслав Шевчук («Шахтёр»), Руслан Ротань, Артем Федецкий («Днепр»), Евгений Селезнев ва Анатолий Тимощукка шундай совғалар берилган.

Порошенко бу ҳақдаги фармонни 2015 йил 21 ноябрда имзолаганди. Бироқ бу фармон энди, ОАВ тегишли сўровни амалга оширгандан кейин чоп этилди.

Футболчиларнинг "эсдалик совғалари" билан мукофотлангани ҳақидаги маълумот Украина президентининг расмий сайтида 22 ноябрда пайдо бўлганди.

Украина раҳбарияти орасида мукофот сифатида ўқотар қурол совға қилиш одат тусига кирмоқда. Февралда Украина мудофаа вазири Степан Полторак бир қатор сиёсатчиларни қурол билан мукофотлаганди. Мисол учун, Украина бош вазири Арсений Яценюк совға сифатида Томпсон тўппонча-пулёмети ва унга 203 та ўқ олган эди.

Украина терма жамоаси Францияда 10 июндан 10 июлгача бўлиб ўтадиган Европа чемпионатининг финал босқичида Германия, Польша ва Шимолий Ирландия термалари билан бир гуруҳда беллашади.