"360" телеканалининг хабар беришига кўра, Москва вилояти божхона ходимлари Ўзбекистондан келтирилаётган 400 кг атрофидаги санъат намуналари ортилган юк машинасини ушлашди.

Буюмлар XIX асрдаги Осиё кўчманчиларига тегишли бўлиб, афтидан улар қора бозорда сотишга мўлжалланган. Баъзи ашёларнинг баҳоси ўн минглаб рублни ташкил этади. Фош этилган буюмлар орасидан ёғоч ўймакорлиги намуналари, чарм эгарлар, бронза идишлар, сандиқлар, бешиклар ўрин олган.

Қадриятлар Шарқ халқлари Давлат музейига етказилган.

"Бу буюмлардан бугунги кунда деярли фойдаланилмайди. Уларни қўлга киритиш музей учун осон эмас. Аксарияти йўқолиб кетган", — деди Шарқ халқлари Давлат музейи раҳбари Александр Седов.

Қимматбаҳо буюмларнинг эгаси-ю харидори кимлиги ҳозирча аниқланмади. Тахминларга кўра, экспонатларни хусусий коллекционерларга етказмоқчи бўлишган.