Олмаотада бўлиб ўтган V Shoesstar халқаро пойабзал кўргазмасида иштирок этган ўзбекистонлик чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Россия ҳамда Қозоғистон вакиллари билан 12 млн долларлик маҳсулотларни етказиб бериш бўйича келишув имзолашган. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар берган.

Кўргазмада Ўзбекистон вакиллари пойабзал ишлаб чиқариш, терига ишлов бериш, хомашё тайёрлаш бўйича 252та корхонани бирлаштирувчи «Ўзбекчармпойабзали» Ўзбекистон чарм-пойабзал корхоналари ассоциациясининг миллий услубдаги стенди орқали ўз маҳсулотларини намойиш қилишган.

"Самарқанд гумбазларини эслатувчи безаклар оғушида, Бухоро ва Хива меъморчилигига хос услубда барпо қилинган ўзбекистонликлар стенди бошқа иштирокчиларнинг катта қизиқишларини уйғотди", дейилади хабарда.

Кўргазма якунида «Ўзчармпойабзали» ассоциацияси ҳамда Shoesstar халқаро пойабзал ва чарм-атторлик кўргазмаси дирекцияси ўртасида меморандум имзоланди, 12 миллион доллардан зиёд қийматдаги Ўзбекистон маҳсулотини Қозоғистон ва Россия бозорларига етказиш ҳақида келишувларга эришилди.

Шунингдек, учрашувлар чоғида Ўзбекистон корхоналари маҳсулотларини Қозоғистонга сотиш бўйича Ўзбекистон-Қозоғистон савдо уйини очиш бўйича музокаралар олиб борилган.

Кўргазмада Ўзбекистондан ташқари, Германия, Хитой, Туркия, Италия каби дунёнинг 14 мамлакатидан келган пойабзал ва чарм-маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар қатнашди.