Тошкент шаҳридаги “Аския деҳқон бозори” ОАЖга қарашли автотураргоҳни ўзларига “макон” қилиб олган бир гуруҳ валютафурушлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Бухоролик 33 ёшни қаршилаган Атҳам Жалилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) беш кишидан иборат гуруҳ тузиб, жиноий фаолият олиб борган.

СВОЖЖДЛКҚ департаментининг Яккасарой туман бўлимига келиб тушган аризалар асосида ўтказилган тадбирда А.Жалилов 300 АҚШ долларини сотиб олаётган пайтда қўлга олинди. Суриштирув ишлари мобайнида барча шерикларининг қилмишлари ҳам фош этилди. Текширув давомида бу шахсларга тегишли автомашиналардан ноқонуний валюта савдоси учун фойдаланиб келаётган 84 млн 490 минг сўм, 49 минг 250 АҚШ доллари, 72 минг 840 Россия рубли, 14 минг 400 Қозоғистон тенгеси, 2 минг Корея вони ҳамда бошқа хориж давлатларининг пул бирликлари топилди ва далил сифатида олиб қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг ҳукми билан ушбу шахсларга энг кам иш ҳақининг икки юз баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.