АҚШнинг Boom компанияси соатига 2,7 минг км тезлик билан уча олувчи товушдан тез учувчи самолёт яратмоқчи. Бу ҳақда CNN телеканали маълум қилди.

Ушбу самолёт кўрсаткичлари бўйича 2,3 минг км/соат тезлик билан уча олган, ҳозирда фойдаланишдан чиқарилган британ-француз самолёти "Конкорд"ни ортда қолдириши керак. Телеканалнинг таъкидлашича, самолёт ҳозирда мавжуд исталган самолётдан 2,6 марта тезроқ уча олади. Бу самолётда Нью-Йоркдан Лондонга етиб олиш учун бор-йўғи 3,4 соат, Сан-Францискодан Токиога 4,7 соат, Лос-Анжелесдан Сиднейга эса 6 соат керак бўлади.

Самолёт композит материаллардан яратилади, унинг салони икки қатор қилиб ўрнатилган 40та ўриндиқ билан жиҳозланади. Ушбу самолётда парвозлар йўловчилар ер юзини кўра олишлари учун 20 минг метрдан пастроқ баландликда амалга оширилади.

Ушбу самолётнинг "бориш-қайтиш" чиптаси нархи 5 минг долларга айланади, бироқ телеканалнинг таъкидлашича, йўловчилар вақтни тежаш мақсадида бундай харажатлардан қочимайди. Virgin Group авиакомпанияси бундай 10 та самолётга буюртма бермоқчи, агар битим амалга ошса, унинг қиймати тахминан 2 млрд долларга яқинни ташкил қилади. Шунингдек, Boom Европа авиташувчиларидан яна 15 та самолётга буюртма олиши мумкин, унда компания сотадиган самолётлар умумий нархи 5 млрд долларни ташкил қилади.

Компания ҳозирда иш олиб бораётган самолёт прототипи 2017 йилдан кейин намойиш қилинади. Телеканалнинг таъкидлашича, товушдан тез учувчи самолётлар яратиш бўйича кўплаб лойиҳалар мавжуд, бироқ улардан бирортаси ҳанузгача амалга оширилмаган.

2015 йил сентябрда "Конкорд" самолёти яна ҳавога кўтарилиши мумкинлиги айтилганди. The Indepentent нашрининг маълумотларига кўра, ушбу самолётнинг илк парвозлари бу самолёт фанатлари клуби Club Concorde сайъ-ҳаракатлари эвазига 2019 йилда амалга ошиши мумкин.

2015 йил августда The Daily Telegraph нашри Airbus компанияси "Конкорд"нинг давомчиси "Конкорд-2"нинг дизайнига патент олишга ариза берганини маълум қилганди. Бу самолёт "Конкорд"даги камчиликлардан холи бўлиб, соатига 4800 км гача тезлик билан уча оладиган бўлади.

"Конкорд" самолётларидан 1976 йилда фойдаланиш бошланган. Улар Ту-144 самолётлари билан бир қаторда тижорий парвозлар учун фойдаланилган товушдан тез учувчи самолётлардан бири бўлган. Ҳаммаси бўлиб 20 та шундай самолёт яратилган, улар 27 йил эксплуатация қилиниши давомида 3 млн дан кўпроқ йўловчи ташиган. Самолётлар 2003 йилда фойдаланишдан чиқарилган. Улардан баъзи камчиликлари туфайли воз кечилган: самолёт самарадорлиги паст бўлган, у бир тонна фойдали юкка 8 тонна ёқилғи ишлатган ҳамда товуш тезлиги чегарасидан ўтганда қаттиқ шовқин чиқарган.