Ўзбекистон ва Венгрия Олий таълим тизимидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади

Ўзбекистон 26 Март 2016 840

23 март куни Ўзбекистон Респуликаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида олий таълим тизимидаги ҳамкорлик масалаларини ўзаро муҳокама қилиш учун Венгрия делегацияси билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Унда вазир ўринбосари Ласло Сабо бошчилигидаги Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг 6 нафар ходими, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.

Мулоқот давомида Венгрия томони Ўзбекистон билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши йўлида исталган соҳалар йўналишида 30га яқин стипендиялар дастури ажратишга тайёр эканлигини билдирди. Ушбу дастурлар 3 йилга мўлжалланган бўлиб, бакалавариат, магистратура ва доктарантура босқичидаги кадрларни тайёрлашни ўз ичига олади.

Таъкидлаш керакки, мазкур стипендияларда халқаро авиачипталардан ташқари барча тўловлар Венгрия томонидан қопланади. Ўзбекистонлик талабалар ушбу дастурлардан бири — БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти — ФАО (Food and agriculture organization of the United Nations)нинг стипендия лойиҳасида қатнашишлари мумкин.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия давлатлари олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш борасида ҳам муҳокама қилинди.

Кўпроқ янгиликлар