Наврўз байрамига бағишланган «Ucell сумалак—2016» лойиҳаси бу йил Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятида бўлиб ўтди. У нафақат географиясини кенгайтирди, балки ўз дастурини ҳам янгилади. Фарғона, Андижон, Наманган, Гулистон, Навоий, Қарши шаҳарларида, Жиззах вилоятининг Жиззах туманида, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги маҳалла гузарларида моҳир пазандалар дошқозонларда Наврўзнинг бош таоми — сумалакни пиширди. Ва анъанага кўра, у пиширилган кунда байрамона, кўнгилочар дастурлар ташкил қилиниб, машҳур лапарлар ижро этилди, фольклор санъати намойиш қилинди, халқ орасида оммабоп бўлган аскиялар жаранглади. Ucell’нинг ҳар бир ташаббусида бўлгани каби, энг фаол, энг яхши иштирокчилар компания томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

«Бизнинг маҳалламиз янги, — деди Жиззах тумани «Қўшбармоқ» фуқаролар йиғини раҳбари Хосият Ҳайитова. — У ерда янги намунавий қишлоқ уйлари барпо этилган. Ucell компанияси айнан бизнинг маҳаллада сумалак пишираётганидан хурсандмиз. Қўлга киритилган совғалар эса фуқароларимизга мобил операторнинг ушбу хайрли ташаббуси ҳақида узоқ вақт эслатиб туради».

Ucell сумалаги тарқатилган кун ҳам қизиқарли ҳодисаларга бой бўлди. Ҳудудларнинг 15 мингдан зиёд аҳолиси, ривоятларга кўра, одамга куч бағишлаб, уни қувват билан тўлдирадиган, хушбўй ва чин юракдан тайёрланган таомни татиб кўрди.

«Жуда мазали неъмат, — деди фарғоналик Дамира Тўхтасинова. — Ucell аҳолини Наврўз билан шу йўсинда табриклаётгани ушбу компания ўз абонентига шунчаки ғамхўрлик қилишини билдирмайди. Бундай ташаббус Ucell’нинг Ўзбекистон халқининг кўп асрлик анъаналарига бўлган катта ҳурматини таъкидлайди».

«Ucell’нинг сумалагига қанчалаб кишилар келганига эътибор қаратинг, — дея мавзуни давом эттирди Наманган шаҳридаги Машраб номли маҳалла раиси Дилбархон Абдуллаева. — Анъанавий халқ қўшиқларидан ташқари, бу ерда жаҳон мумтоз мусиқаси ҳам янграмоқда. Бу кўп миллатли Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун Наврўз узоқ кутилган байрам эканлигидан далолат беради. Биз Ucell’дан баҳорни муносиб тарзда кутиб олиш имконини берган лойиҳа учун миннатдормиз».

«Маҳалламизнинг барча аҳолиси сумалакни тайёрлашда қатнашди, — деди Гулистондаги «Сайқал» маҳалласи раиси Холдор Солиев. — Ucell эсда қоларли байрамни уюштирди, бу бизга бой анъаналаримиз ҳақида яна бир бора эслатди. Ахир уларда халқимизнинг маънавияти, маданияти акс этган. Биз уларни кейинги авлод учун асраб-авайлашимиз керак».

«Сумалак сайли—2016» доирасида байрам иштирокчилари ўртасида Наврўз анъаналари, шунингдек, Ucell компанияси фаолияти тарихи бўйича викториналар ҳам ташкил қилинди. Операторнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари ўйналди.

«Компания доим ўз абонентлари учун манфаатли хизматлар ва тарифларни таклиф қилади, — деди Андижон вилояти Шаҳрихон тумани фуқароси Ҳожиакбар Мўминов. — Мен доимий равишда компания янгиликларини кузатиб бораман. Шунинг шарофати билан викторинадаги саволларга тўғри жавоб бериб, смартфон ютиб олишга муваффақ бўлдим. Мен бу йил 20 ёшга тўламан, ва Ucell’дан бундай мукофотни қўлга киритганимдан хурсандман».

«Ростини айтсам, смартфон ютиб олишга умид қилмагандим, — дея эътироф этди қаршилик Маҳмуд Тўланов. — Аммо Ucell алоқа хизматидан фойдаланувчиларга доим омад кулиб боқади. Бу кун хотирамда узоқ сақланади».

Бойсун туманида эса смартфон ва кир ювиш машинасини тажрибали чавандозлар қўлга киритди. 70 ва 80 ёшли ака-ука Иброҳимовлар кўпкари мусобақасида ғолиб чиқиб, 200 иштирокчи орасида компания совринларига эга бўлди.

Ucell компаниясининг Корпоратив коммуникациялар бўйича директори Родика Вербенюк таъкидлади: «Бизнинг компаниямиз мамлакат маданий меросини қўллаб-қувватлайди, уни кейинги авлод учун асраб-авайлайди. ‘Наврўз’ форс тилидан таржима қилинганида ‘янги кун’ деган маънони билдиради ва у ер юзидаги энг қадимий байрамлардан бири ҳисобланади. Ucell Сумалак ўтказилган ҳар бир ҳудуд аҳолиси миллий одатларга ҳаяжон билан муносабатда бўлиб, уни ўз болаларига ўтказиши менга қалбимнинг туб-тубигача таъсир қилди. Бизнинг Сумалак байрамимиз Ўзбекистондаги ҳар бир оилага умид ва тинчлик-хотиржамлик ҳадя этсин!»

Ucell компанияси вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимиятларига «Ucell сумалак сайли—2016» лойиҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани ва унда фаол қатнашгани учун алоҳида миннатдорлик изҳор этади.

Реклама ҳуқуқи асосида