“Бекажон” газетаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов билан суҳбат уюштирди.

“Танқид қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Лекин сиз ўша танқид қилаётган одамнинг кўнглидагини, мақсадини билмайсиз-ку. Унинг ҳам виждонига қарши бормайдиган ҳақиқатлари, эзгу ниятлари бўлади”, дейди санъаткор.

“Икки ўғлингиз ҳам ортингиздан кетди. Бироқ ҳалигача тақлиддан чиқа олишмаяпти. Балки қанотингиз остида бўлишгани учун шундай йўл тутишаётгандир”, деган саволга сўз устаси қуйидагича жавоб қайтарди:

“Ота-бобонг қилган ишни қил, ўша касб сенга ярашади, деб бекор айтишмаган. Ойбек Санъат ва маданият олийгоҳини тамомлади, Улуғбек эса эстрада-цирк коллежида таҳсил олди. Ойбек қўшиқ айтади, сценарийлар ёзади, актёрлик қилади. Улуғбек эса давраларда сўз устаси бўлиб, тирикчилигини ўтказаяпти. Аслида, ўғилларим менга тақлид қилишаётгани йўқ, уларнинг пешанасида “Мирзанинг боласи” деган тамға бор. Қонида бор, балки шунга овози, гап-сўзлари менга тортар. Мен ҳам вақтида тақлид қилганман. Ҳамза Умаров, Эргаш Каримов билан бирга ишлаганман. Фарзандларим элдан, мендан дуо олишяпти, насиб этса, бир кун булар ҳам кўзлаган манзилига етишар”.