26 мартда "Русснефть" нефть компанияси эгаси, миллиардер Михаил Гуцериевнинг кенжа ўғли, 28 ёшли Саид ва унинг бўлажак рафиқаси 20 ёшли Ҳадичанинг тўйи "жаҳон мусиқаси юлдузлари ёғдусига" айланди: тўйга Женнифер Лопес, Беонсе, Стинг, Патриция Каас, Элтон Жон ва Инрике Иглесиас каби юлдузлар ташриф буюриб, никоҳ оқшомини ўз чиқишлари билан безашди. Тўй шу муносабат билан шохона безалган Москвадаги "Сафиса" ресторанида бўлиб ўтди. Тўй вақтида ресторан атрофи ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари билан ўраб олинди.

Михаил Гуцериев (чапда).

Гуцериевлар оиласи ўз кенжатойига 4 йил давомида умр йўлдош излаган. Қиз ҳам куёв каби ингуш миллатидан.

Таъкидланишича, Москвада анчадан бери бундай ҳашаматли тўйлар кузатилмаган. Кечага ташриф буюрган юлдузларнинг бундай тадбирларда иштирок этиши одатда 5 млн доллар ва ундан юқорироқ туради. Бироқ москвалик промоутерларнинг айтишича, ҳозирда уларнинг Москвадаги бундай "хизматлари" анча камроқ, яъни 1 млн доллардан 1,5 млн долларгача туради.

Тўй албатта Россия эстрадасининг примадоннаси Алла Пугачёвасиз ўтмади. У тўй якунланишига яқин келди ва ўзининг машҳур қўшиқлари билан меҳмонларни хушнуд қилди. Шунингдек, ўртани "Лезгинка" миллий рақс ансамбли қиздириб турди.

Тўйда 600 га яқин киши меҳмон бўлган. Меҳмонларни Михаил Гуцериевнинг шахсан ўзи кутиб олиб, уларни кетаётганларида совғалар солинган пакетлар билан кузатган.

Тўйда меҳмонларга анъанавий кавказ таомларидан тортиб, суши, палов каби бошқа миллатлар таомлари ҳамда баландлиги икки метрдан зиёдроқ, усти ислом дини рамзи бўлган ярим ой ва юлдуз билан безалган тўй торти тортиқ қилинди. 

ОАВ маълумотларига кўра, тўйда шунингдек Ингушетиянинг биринчи президенти Руслан Аушев, амалдаги президенти Юнусбек Евкуров ва бошқа кўплаб таниқли инсонлар меҳмон бўлган.

Маълум қилинишича, келиннинг кўйлаги Ellie Saab модалар уйида тайёрланган бўлиб, Францияда махсус тикилган. Унинг оғирлиги тахминан 25 килограммни ташкил қилган. Одатда бу модалар уйининг тўй либослари нархи 700 минг рубль туради, бироқ баъзи тахминларга кўра, келиндаги либос 1 млн рублларга айланган бўлиши мумкин.

Гуцериевлар оиласи 2015 йилда Forbes журналига кўра, Россиянинг энг бадавлат оилалари орасида 1-ўринни эгаллади. Ўтган йили бу оиланинг давлати 4,85 млрд долларга баҳоланган.

58 ёшли Михаил Гуцериев умуман серқирра инсон ҳисобланади. У "Русский уголь", "Моспромстрой", "Бинбанк" компаниялари, GCM Global Energy Inc. британ компанияси, бир қатор радиостанциялар эгаси ҳисобланиши билан бирга, Россия эстрадасининг кўплаб вакиллари – Стас Михайловдан тортиб Кристина Орбакайте ва Филипп Киркоровгача қўшиқлар матнини ёзиб берган. Ўзи ёзган шеърлар учун бир неча бор "Йил қўшиғи" (Песня года) мусиқий тақдимотида мукофотлар билан тақдирланган. Миллати ингуш. Бир қизи ва бир ўғли бор. Тўнғич ўғли 2007 йилда автоҳалокатда ҳалок бўлган.