Шерзод Исматуллаев Сирдарё вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги сайтида маълум қилинган.

Исматуллаев Шерзод Шухратуллаевич 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1996 йилда Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини тамомлаган ва шу вақтдан бери «Ўзбекистон темир йўллари» тизимида фаолият кўрсатиб келган.

Янги лавозимига тайинлангунига қадар у 2014—2016 йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бош менежери – бош муҳандиси сифатида ишлаган. Ундан олдинроқ, 2009—2014 йилларда эса «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 24 февралдаги қарори билан вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятларининг бошқарув аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Ўзгаришларга кўра, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари ўринбосарлари сони ҳокимнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ҳисобига беш нафардан олти нафарга оширилди.