Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган тариф ставкаси бўйича 2012 йил 27 августдан 2014 йил сентябрь ойига қадар ҳар бир суюлтирилган газ аҳолига 225 сўмдан, 2014 йилнинг сентябрь ойидан 2015 йил февраль ойига қадар 310 сўмдан етказиб берилиши белгиланган эди. Лекин Жиззах вилояти, Дўстлик тумани “Дўстликтумангаз” филиали омбор мудири вазифасида ишлаб келган Адҳам Маматов ўз фаолияти давомида бу нархга амал қилмайди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

У фуқароларни алдаб, белгиланган нархнинг устига ҳар бир газ балони учун 2 минг сўмдан 5 минг сўмгача ноқонуний равишда қўшимча пул йиғиб олган. Бунинг натижасида 2013-2014 йиллар ва 2015 йилнинг бошида Дўстлик туманидаги “Қаҳрамон”, “Саритепа”, “Олтин водий”, “Бунёдкор” ва “Наврўз” маҳаллаларида яшовчиларга газ баллонларини ошиқча нархда сотиб, жами 12 млн 66 минг сўмлик ўзганинг мулкини фирибгарлик билан қўлга киритган.

Шунингдек, А.Маматов аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда тегишли қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда фаолият юритди. У 2013-2014 йиллар ва 2015 йил январь-февраль ойлари давомида суюлтирилган газ савдосидан, кўрсатилган техник хизматдан ва бошқа тушумлардан келиб тушган 119 млн 364 минг сўм нақд пулларни назорат-касса машинасидан ўтказмасдан ёки солиқ идораларидан рўйхатдан ўтган, қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ё ки бошқа тўлов қоғозларини бермасдан банк муассасасига топшириб келган.

Суд Адҳам Маматовнинг қилмишига иқрорлигини, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олди ва унга нисбатан қонунда берилган чоралар кўрилди.