Сўнгги бир неча ҳафтадан бери Meizu компаниясининг янги флагман телефонига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Аммо ҳозирча Хитой компанияси Meizu Pro 6 тақдимотини қачон ўтказиши сир бўлиб қолмоқда. Шунга қарамасдан, кўпчилик тақдимот маросими тез орада бўлишини тахмин қилмоқда.

Нафақат кўплаб миш-мишлар, балки шу кунларда Meizu Pro 6 смартфонининг интернетда пайдо бўлган суратлари бунга асосдир. Улардан янги флагманнинг айрим жиҳатларини билиб олиш мумкин.

Демак, ишлаб чиқарувчи гаджетдаги айрим элементлар жойлашувини ўзгартирган. Масалан, қулоқчинларнинг 3,5-ммли ўрни телефоннинг юқори қисмидан пастга ўтказилган. Лазерли автофокус ва ёритқич ягона модулга айланиб, асосий камера остига жойланган.

Янги флагманнинг техник хусусиятлари борасидаги миш-мишларга кўра, Meizu Pro 6, 1920х1080 ўлчамли диагонали 5,5 ёки 5,7 дюймли экран, 2-2,5 ГГц тўлқинда ишловчи MediaTek Helio X25 процессори, 4 ГБ оператив хотира ва 64 ГБ лик ички ўрнатилган хотирага эга бўлади.

Бундан ташқари, Meizu нинг асосий камераси 21-мегапикселга айланади. Унда шунингдек, бармоқлар сканери ва 3 500 мАч қувватли аккумулятор ўрнатилади.