21 март куни Купертинода тақдим этилган iPhone SE’нинг нархи Apple смартфонларининг одатий нархидан арзон, деб эълон қилинган. Аммо ҳали ҳам бу жуда қиммат! Қурилманинг 16 гигабайтли русуми учун расмий эълон қилинган нархи 399 доллар ҳисобланади. “Олмалар” мухлисларини шу миқдордаги маблағга кўпроқ имкониятларга эга бўлган бошқа платформадаги смартфон олишлари мумкинлигига ишонтириш, албатта, қийин бўлади.

Бундан ташқари, iPhone SE’нинг ўзи бир қанча саволларни келтириб чиқармоқда ва биз бу мақолада унга нима етишмаётганлигини ёритиб беришга ҳаракат қилдик.

1. Эски дизайн

2015 йилгача Apple компанияси 30 миллион дона iPhone 5S ва кармонбоп iPhone 5C смартфонларини сотишга эришди. Компания бу рақамларга мурожаат этган ҳолда, кичикроқ смартфонлар истеъмолчиларга кўпроқ ёқади, деган хулосага келишди. Ниҳоят компания икки йил орқага қайтиб,  iPhone 5S корпусидан яна фойдаланган ҳолда янги смартфонни бозорга чиқармоқда. 5S’нинг SE билан ташқи кўринишида умуман фарқ мавжуд эмас. Агарда сиз Apple’нинг “олтинчи” авлод смартфонига ўта олмаган бўлсангиз, хавотир олманг, энди сиз яна охирги русумдаги смартфон соҳибисиз.

Америкалик машҳур телебошловчи Жимми Киммел тажриба ўтказиб кўрди: у иккита бир хил iPhone 5S’ни олиб, кўчадаги пиёдаларга улардан бири iPhone SE эканлигини айтди. Натижада одамлар бир хил ҳисобланган гаджетлардан бирида ёрқинроқ экран ва кўпроқ тезликни кўришган. Наҳотки бу Apple компаниясининг маркетинг усуллари қандай ишлашидан далолат бермайди?

2.  Кучсиз аккумулятор

5S корпусига iPhone 6S (эслатиб ўтамиз, 2015 йилда энг тез ишлайдиган смартфон номини олган) “чипларини” жойлаштиришгани яхши бўлган. Лекин эсимизда бўлса “кичик” айфонлар куннинг яримига бориб қувватдан қолган. Янги iPhone SE’нинг аккумуляторига эса атиги 84 мА/с қўшилган. Шундай қилиб, янги гаджет эгалари қувват тез кетишидан қийналишлари аниқ.

3. USB Type-C портининг йўқлиги 

Кўпчилик iPhone фойдаланувчиларига Lightning кабелининг тез бузилиш ҳолати таниш бўлса керак. Бундан ташқари, улар арзон ҳам эмас. iPhone 5S даврида Lightning кабелини икки тарафлама уланиш имконияти учун қулай ҳисобланган ва шу хусусияти билан машҳур бўлган. Компания эса шу тарафдан ўзини оқлаб юрган. Аммо ҳозирги кунда USB Type-C кабель турлари оммага кенг тарқалмоқда ва бу турдаги кабеллар кўпроқ чидамли. Шунингдек, USB Type-C турдаги кабеллар ҳар хил турдаги қурилмалар билан фойдаланиш мумкин. Лекин Apple бундай қадамни амалга оширмайди, чунки у назоратни ёқтиради.

4. Кенг рамкалар

Бошқа гаджет ишлаб чиқарувчилари ингичка рамкали ва ҳаттоки эгик дисплейли смартфонларни тақдим этаётган бир пайтда, Apple’нинг барча смартфонлари экранлари четидаги кенгроқ “жойлар” билан кўз-кўз қилмоқда. Ва янги қурилма бундан истисно эмас.

5.  Хотира карталаридан фойдаланиб бўлмайди

Apple’га хос бўлган усул давом этиб, янги қурилмада хотира имкониятларини кенгайтириш мумкин эмас. Бу авлод гаджети ҳам 32 ва 128 гигабайтли русумни қўлга киритмади. 64 гигабайтли iPhone SE’нинг нархи эса (499 доллар) жуда қиммат! 4К-видео тавсирга туширувчи 16 гигабайт хотирага смартфонни сотиб олишнинг ҳожати йўқ.

6.  Қурилмадан диск сифатида фойдаланиб бўлмайди

Apple смартфонларини компьютерга тўғридан-тўғри улаб, Android-қурилмалар каби флэш хотира сифатида ишлатиб бўлмайди. iTunes дастуридан фойдаланишингиз мумкин, аммо фақатгина медиа-файллар билан ишлай оласиз. iOS операцион тизимида файллар тизими ёпиқ ҳисобланади.

7.  Икки SIM картадан фойдаланиб бўлмайди

Икки SIM картадан фойдаланиш анчадан бери бошқа смартфон ишлаб чиқарувчилар учун мажбурий қисмга айланиб қолган. Аммо бу ҳолат Apple учун эмас: бутун бир iPhone’га фақатгина битта nano-SIM форматидаги картани ўрнатиш мумкин. 

8.  NFC’нинг чегараланган имкониятлари

Янги гаджетда NFC модули ўрнатилган, аммо уни фақатгина Apple Pay билан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, хизмат барча мамлакатларда мавжуд эмас. Android-қурилмаларда эса бундай технологиядан кенг кўламда фойдаланилмоқда.

9.  3D Touch йўқлиги

Бу янги технология Apple’нинг фақатгина флагман смартфонларига тааллуқли. Ҳозирги кунда босиш кучини аниқлайдиган экран фақатгина iPhone 6s ва iPhone 6s Plus’ларда мавжуд. 

10. Стереоовознинг йўқлиги

Бошқа платформадаги смартфонлар анчадан бери стереодинамиклардан фойдаланиб келишмоқда. Аммо айфоннинг олдинги авлодлари каби SE ҳам монодинамикни қўлга қиритди. 

11. Сув ва чангдан ҳимоя тизими мавжуд эмас

Янги авлод айфони Apple’нинг аввалги смартфонлари каби ҳеч қандай сув ва чангдан ҳимоя тизимига эга эмас. Агарда айфонингизни сувга тушириб юборсангиз янгисини сотиб олишга тайёр туринг.

12. Симсиз қувват олиш имконияти йўқ

Электр қувватини “ҳаво орқали” юбориш Wi-Fi каби оддий турмуш тарзига айланмоқда, аммо iPhone қувват олишни эски усулини янги қурилмада яна таклиф этди.  

13. Рақам терувчи ва алоқалар китоби дастурларини ўрнатиб бўлмаслик

Рақамтерувчи ва алоқалар китоби дастурларини фақатгина Apple дастурчилари ўйлаб чиққандек фойдаланишга мажбур бўласиз. Чунки бошқа мобил дастурларни ўрнатишнинг имконияти мавжуд эмас.

14. Оптик стабилизация ўрнатилмаган

iPhone 6S камераси оптик стабилизациянинг ўрнига рақамлисини қўлга киритган. Амалга оширилган тестлар шуни кўрсатадики, оптик рақамли стабилизациядан анча самаралироқ ҳисобланади. Янги қурилма iPhone 6S’нинг хусусиятларини олгани учун у ҳам оптик стабилизацияга эга бўлмаган.

15.  Retina дисплейи HD русумида эмас

Янгиликнинг экранига ҳам саволлар бор. Экран диагоналининг кичиклиги ҳисобига янги айфон дисплейининг пикселлар зичлиги 6S’ники (326 ppi) каби ташкил этади, аммо кўриш қирралари умуман 2016 йил флагманига тўғри келмайди. Ҳаттоки олтинчи авлод экранларида кўриш қирралари яхшироқ ҳисобланади. Янги айфон эса 5S каби 1136х650 ўлчамли Retina дисплейи билан қуролланган.

16.  Touch ID эски русумда

SE’да бармоқ изи сканерининг биринчи авлоди ўрнатилган бўлиб, 6S ва 6S Plusга эса уларнинг тезроқ ишлайдиган иккинчи авлоди жойлаштирилган. Агар солиштирадиган бўлсак, ҳозирги кундаги ҳамёнбоп бошқа платформадаги смартфонларининг бармоқ изи сканерлари SE’никидан тезроқ ишлайди.

Бундай камчиликларни кўриб, янги iPhone йил гаджети эканлигига шубҳа қиласиз. Компания эса уни “арзон флагман” сифатида бозорга чиқармоқда. Шунингдек, улар iPhone 5S’нинг эгизагини iPhone 6 нархида сотишни режалаштиришган.