"Барселона" жамоасининг стадиони 24 март куни 68 ёшида вафот этган собиқ футболчи Йоҳан Кройфф хотирасини абадийлаштириш учун қайта номланиши мумкин. Бу ҳақда Испаниянинг Sport.es нашри хабар тарқатган.

Ўтган йилнинг октябрида Кройффда ўпка саратони аниқланган ва у шифохонаша ётқизилганди. У 44 ёшидан буён фаол равишда тамаки чеккан.

Манбада ёзилишича, 29 март куни жамоа директорлар кенгаши аъзолари йиғилиш ўтказишади ва унда кўриб чиқиладиган масалалардан бири стадионни марҳум футболчи шарафига қайта номлаш масаласи бўлади. Йиғилишда Кройффнинг хотирасини абадийлаштириш йўналишидаги бошқа таклифлар ва ташаббуслар ҳам ўрганилиши айтилган.

Стадион номи ўзгартирилиши масаласидаги якуний қарор кейинроқ маълум қилинади.

"Учар голланд" 1973 йилдан 1978 йилгача "Барселона" учун ўйнаган ва 1988-1996 йилларда жамоа бош мураббийи сифатида ишлаган. У "кўк-анорранглилар" жамоаси билан 4 марта ички чемпионатда ғолиб чиққан, 1992 йилда чемпионлар кубогида зафар қучган.

Кройфф 1971, 1973 ва 1974 йилларда Европанинг энг яхши футболчиси сифатида "Олтин тўп" билан тақдирланганди.

"Барселона" мухлислари "Камп Ноу" стадионини Йоҳан Кройфф шарафига қайта номлашни таклиф қилди