Покистоннинг энг йирик шаҳри Лаҳордаги болалар боғида террорчи ўзини портлатиши оқибатида содир этилган теракт қурбонлари сони 69 нафарга етди. Бу ҳақда Синьхуа хабар тарқатган.

Бундан олдин қурбонлар сони 50 нафар атрофида экани айтилганди.

Қайд этилишича, портлаш туфайли жароҳатланганлар сони 300 нафардан ошган. Жабрларнувчиларнинг аксар қисми болалар ва аёллар экани айтилган.

Лаҳор шаҳри полицияси координатори капитан Усмоннинг маълумотига кўра, портлаш оқибатида 23 бола ҳалок бўлган, яна 56 бола жароҳатланган ҳолда шаҳар жамоат шифохонасига олиб борилган.

Шаҳар полицияси бош инспектори ўринбосари Ҳайлар Ашраф маълумотига кўра, террорчи ўзининг шаҳардаги оналар болалари билан ташриф буюрадиган хиёбонга кираверишдаги автотураргоҳда портлатиб юборган.

Айни вақтда шифохонага олиб борилганлар орасида ўнлаб кишиларнинг аҳволи оғирлиги, қурбонлар сони ортиши мумкинлиги айтилган. Шаҳарда тез тиббий ёрдам машиналари етишмаслиги туфайли жароҳатланганларни шифохоналарга таксиларда ва рикшаларда ташишган.

Покистонда болалар боғида портлаш юз берди

"Толибон" Лаҳордаги портлаш учун жавобгарликни зиммасига олди