Ўзбекистон-Баҳрайн учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва ҳужумчи Марат Бикмаев иштирок этди.

- Рақиб бош мураббийи эртага тажоввузкор ўйин намойиш этишини айтиб ўтди. Баҳрайнни етарлича ўрганганмисиз?

- Биз ҳар доим рақибни жуда яхши ўрганиб борамиз. Футболчиларимиз майдонга чиқишар экан, кимга қарши ўйнашларини яхши билишлари керак. Баҳрайн ҳам истисно эмас. Албатта сафарда кечган ўйинни яхшилаб кўриб чиққанмиз. Рақиб яхши жамоага эга. Эртага жиддий ўйин бўлади. Баҳрайнда жуда кучли мураббий ва футболчилар бор. Ўйин ташкил этишда яхши ишлашмоқда. Айниқса сафар ўйинларида Баҳрайн яхши натижа қайд этмоқда.

- Охирги вақтларда терма жамоаларимиз ва клубларимиз ўз майдонида яхши ўйнай олмаяпти. Бунга сабаб нимада, деб ўйлайсиз?

- Ҳозир ҳеч бир жамоа ўйиндан аввал аниқ ғалаба қозонишини айта олмайди. Энг фаворит жамоа ҳам аутсайдерга қарши ўйланиб майдонга тушади. Ўз майдонимизда эса босим ҳам кучли. Баҳрайндаги ўйинга келсак, у тарихда қолди. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар, ўйинга яхши тайёрланиш керак.

- Жамоада жароҳат олганлар йўқми?

- Афсуски, Ислом Тўхтахўжаев эртага ўйнай олмаса керак. У гарчи аввалги ўйинни охирига қадар ўтказган бўлсада, жиддий жароҳат олган кўринади.

- Эртага Филиппинга қараганда бошланғич таркибда ўзгариш бўладими? Баҳрайнга қарши ҳужумкор ўйин намойиш қилинадими?

- Ҳеч бир жамоа майдонга 1:0 ёки 5:0 ҳисобида ғалаба қозониш учун тушмайди. Бизнинг фалсафамиз - ҳужумкор ўйин намойиш қилиш ва бошқача ўйнаш ниятимиз йўқ. Таркиб борасида эса Ислом майдонга туша олмаслигини айтдим. Бошқа томонлама катта ўзгаришлар бўлмаса керак.

- Вазият шундайки, ўйин бошланишига 3 соат қолганида кейинги босқичга чиққанимиз аниқ бўлиб қолган бўлиши мумкин. Шундай бўлган ҳолатда таркибда ўзгаришлар бўладими?

-Ҳозирча бу ҳақида аниқ бир гап айта олмайман. Сариқ карточкаларга келсак, бу ерга келаётганда яхши хабар эшитдим - кейинги босқич олдидан огоҳлантиришлар бекор қилиниши мумкин экан. Аммо ҳозирча бу аниқ гап эмас.

- Кейинги босқичда бизни жуда кучли жамоалар кутиб турибди. Орада бироз вақт бор. Шундан фойдаланиб қаердадир мураббийлик малакангизни ошириб қайтиш ниятингиз йўқми?

- Ҳозирча биз кейинги босқичга чиқмадик. Мураббийлик малакамга келсак, ҳар доим уни ошириб боришга ҳаракат қиламан. Шунчаки бу ҳақида кўп гапиравермайман.


- Эртага жуда оғир кутиб турганини айтдингиз. Қайси маънода оғир бўлишини айтиб ўтсангиз.

- Терма жамоанинг ҳар бир ўйини алоҳида тарих, алоҳида тайёргарлик дегани. У ўртоқлик ўйини бўладими ёки расмий, масъулият ҳар доим юқори бўлади. Шундай экан, осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Очиғини айтсам, ҳатто Филиппин ва Баҳрейнга қарши кечган ва бизнинг йирик ҳисобдаги ғалабаларимиз билан якунланган учрашувлар ҳам осон ўтмаган эди. Биз масъулиятни жуда яхши ҳис қиламиз. Терма жамоа майдонга тушганда шунчаки, ўткинчи ўйин бўлиши мумкин эмас. Ана қаранг, Япония Афғонистонни 2:0 ҳисобидагина енгди. Улар осон ғалаба қозонганлари йўқ. Ҳозир аутсайдер жамоанинг ўзи қолмаяпти.

- Биз одатда Баҳрайнга мағлуб бўлганмиз. Аммо рақиб ҳозир анча кучсизланиб қолган. Жамоа ичида шу муносабат билан қандайдир босим борми?

- Баҳрайнда кечган ўйин олдидан ҳам шундай савол берилганди. Қандайдир нохуш анъана ҳақида гапиришганди. Аммо ҳар қандай анъана ҳам якунига етади ва буни биз исботлай олганмиз.

- Гейнрих эртага эртароқ майдонга тушириладими?

- Гейнрих билан боғлиқ ўйлаб қўйган услубларимиз бор ва лозим бўлган тақдирда у майдонга тушади. У ҳозир жуда яхши ҳолатда ва бизга ёрдам бера олади.

- Филиппин билан бўлган ўйиндан сўнг "Бунёдкор" стадиони омадсизлиги ҳақида гап сўзлар пайдо бўлди. Бунга қандай қарайсиз?

- "Бунёдкор" стадиони - ўзбек футболи тарихидаги энг муҳташам иншоот. "Жар"да ҳам, "Пахтакор"да ҳам Ўзбекистон терма жамоаси мағлубиятга учраган вақтлар бўлган. Дунёда ҳеч қандай стадион йўқки, мамлакат терма жамоаси унда мағлубиятга учрамаган бўлса. "Бунёдкор" - юртимиздаги энг асосий стадион ва айнан шу ерда йирик ғалабаларга эришишни ният қилганмиз.

- Нима учун фақат бир хил услуб ва футболчилардан фойдаланмоқдасиз? 15-16 нафар футболчидан бошқасидан фойдаланмаяпсиз. Масалан Сергеев ҳар доим охиригача ўйнамоқда.

- Мен учун ўйин натижаси аҳамиятлироқ. Майдонга тушган футболчилар бу ишни уддалай олишларига ишонаман. Ким ўйнамасин, ўз олдига қўйилган вазифани бажара олади. Терма жамоага келганимдан буён беш нафат янги футболчи илк бора майдонга тушди. Албатта бу жуда оғриқли савол, ҳатто легионерлар ёрдамидан ҳам фойдалана олмаяпмиз.

Афсуски улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлганимизча йўқ. Бунинг учун имконият бўлмаяпти. Уларни майдонга тушириб, синаб кўришимиз керак. Бугунги кунда эса аниқ ишончга эга бўлган футболчилар майдонга тушмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Баҳрайн учрашуви 29 март куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида соат 18:00 да бошланади.