24 март куни Россиядаги "Главная сцена" телешоуси ғолиби Сардор Милано ўзининг илк мусиқий альбомини тақдим этди. Альбом "Время сказать" ("Айтиш вақти келди") деб номланиб, ундан 9 та қўшиқ жой олди.

"Время сказать" ("Айтиш вақти келди") альбомининг номи Ҳусан Солиҳов ("Қор маликаси" мюзиклининг режиссёри)га тегишлидир. Альбом дискини Саидазим Фозилов суратлари безади. Альбом чиқариш жараёнида турли студиялардан фойдаланилди. Унинг бир қисми Москвада, қолган қисми Тошкентда ёзилган.

Альбомга "Главная сцена"да ижро этилган қўшиқлар, шунингдек, Константин Меладзенинг бир қўшиғи ва тошкентлик бастакорларнинг уч қўшиғи киритилди.

Сардор қўшиқларининг барчаси чин дилдан ижро этилгани, бунда унга ўз ишининг усталари яқиндан ёрдам берганликларини таъкидлаб, уларга миннатдорчилик билдирди.

"Келажакни олдиндан билиб бўлмайди, лекин мен халқаро миқёсдаги профессионал ижрочи бўлиш, Америка мусиқа оламига кириб боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Разолат авж олган бугунги кунда инсонларга меҳр улашиш мен учун муҳим аҳамиятга эга", - дейди Милано.