Фарғона олимпия захиралари коллежининг биринчи босқич ўқувчиси Шаҳноза Ҳатамова яқинда Тошкент шаҳрида теннис бўйича ўтказилган мамлакат чемипионатида ғолибликни қўлга киритди.

У кейинги йилларда республика чемпионатлари, шунингдек, Челенжер ва ITҒ йўналишларидаги халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда рейтинг бўйича моҳир теннисчилар орасида ўн бешинчи поғонани эгаллаган.

– Шу ойда мамлакат чемпионатининг яккалик баҳсларида ғолиб чиқиб, Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлдим, жуфтлик баҳсларида эса кумуш медали совриндорига айландим, – дейди Шаҳноза Ҳатамова. – Энг катта орзуим “Катта дубулға” туркумига кирувчи теннис турнирида ғалаба қозониш. Ҳозирда шу мақсад сари ҳаракат қиляпман.

– Шаҳнозада теннисга бўлган қизиқиш жуда кучли, ҳар бир машғулотга жиддий тайёргарлик кўради, берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилади, – дейди унинг онаси Ирода Ҳатамова. – Мен унинг барча тайёргарлик машғулотларида ва мусобақаларида ёнида туриб, қўллаб-қувватлайман. Опаси Шаҳзода ҳам Ўзбекистон чемпиони. Унинг муваффақиятлари синглисига катта иштиёқ бағишлаган бўлса ажаб эмас. Ўйлайманки, қизим ўзига яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб, юртимиз довруғини дунёга ёйишда ўз ҳиссасини қўшади.
Шаҳноза Россия, Хитой, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларида ўтказилган халқаро мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган. У айни кунларда Наманган вилоятида ўтказилаётган ITҒ йўналишидаги халқаро мусобақада иштирок этмоқда.