Али Отажонов ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали таниш-билишлари ва мухлисларини тезкор хабар билан огоҳлантирди. Хонанда бир йигит “Мен Ортиқ Отажоновнинг набирасиман”, – деб Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг жорий йилнинг апрель ойидаги концерт дастурига қалбаки чипталар сотиб юрганини маълум қилди. Бу ҳақида “Қалампир” нашри хабар беради.

Али Отажонов бобосининг номидан фойдаланиб, одамларни чув тушириб юрган бу йигитни топганларга мукофот борлигини айтиб, маъмурининг рақамини ёзиб қолдирди.

Концерт дастурларига қалбаки чипталар сотилиши билан боғлиқ ҳолат биринчи бор кузатилаётгани йўқ. Авваллари ҳам Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз, Райҳон Ғаниева, хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг концерт дастурларига қалбаки чипталар сотилаётгани маълум бўлган эди.