Weev ники орқали маълум бўлган америкалик хакер Эндрю Ауэрнхаймер махсус скрипт ёрдамида интернетга уланган 20 минг дона ҳимояланмаган принтердан фашист варақаларини босиб чиқарди, деб хабар беради Motherboard агентлиги.

Хакер буйруғи билан босиб чиқарилган варақаларда "оқ танлилар ҳукмронлигига қарши курашга қўшилиш"га чорлов ҳамда фашист йўналишидаги гуруҳ сайтига ҳавола бўлган. Шунингдек, флаерларда свастика тасвири ҳам бўлган.

Баъзи "жабрланган" принтер эгалари ижтимоий тармоқларда хакер устидан арз қилдилар, принтерлари варақаларни босиб чиқарган ўқув даргоҳлари эса Федерал қидирувлар бюросига бу ҳодисани тергов қилиш илтимоси билан мурожаат қилдилар. Лекин хакернинг ўзи қонунга хилоф ҳеч қандай иш содир этмаганлигига ишончи комиллигини айтмоқда.

Ауэрнхаймер блогида ёзишича, у ҳеч нимани бузиб очишига тўғри келмаган. Махсус скрипт орқали у барча 9100 порти билан очиқ тармоқ принтерларини топа олган, сўнгра маълумотларни босишга юборган. Хакернинг қўшимча қилишича, у "20 мингта принтерни ўзига бўйсундира олганидан" мамнун, бироқ ундан ҳам кўпроқ ҳимояланмаган принтерлар бўлишини кутганди.