2015 йилда Ўзбекистонда транспортнинг барча турларида йўловчи ташиш ҳажми, 2014 йилга нисбатан 3,6 фоизга ўсган. Бошқача айтганда, 7589,4 млн киши манзилига етказилган. Йўловчилар ташиш айланмаси бўйича кўрсаткич эса 5,7 фоизга ўсишни қайд этган ва 105,8 млрд пасс-километрни ташкил этган.

"Йўловчиларни ташиш борасида асосий ўринни ҳамон автомобиль транспорти эгаллаб турибди. Унинг ҳиссасига жами йўловчиларнинг 98,9 фоизи тўғри келмоқда", дейилади Давлат статистика қўмитаси ахборотида.

Йўловчиларнинг темир йўл транспортидан фойдаланиш кўрсаткичида ҳам ҳисобот йили мобайнида 5,9 фоизлик ўсиш қайд этилган. 20,2 миллион киши темир йўл орқали кўзлаган манзилларига етиб олишган.

Аммо, ҳаво транспортида пасайиш кузатилган бўлиб, ўтган йили 2180,8 минг киши ушбу транспорт туридан фойдаланган. Бу 2014 йилга нисбатан 3,7 фоизга камдир.

Метрода йўловчиларни ташиш кўрсаткичи ҳам 3,2 фоизга пасайган.