Жанубий Кореянинг Samsung компанияси смартфонлари турини кенгайтирмоқда.

Хабар қилинишича, С туркумли янги смартфонлар корейс компаниясининг маҳсулотлари сафини тўлдиради.

Айни чоғда, 5,2 дюймли экранга эга C5000 модели Ҳиндистонда синовдан ўтказилмоқда. Бунга экспорт-импорт амалиётларини кузатиб борувчи Zauba сайтида жойланган маълумот асос бўлмоқда. SamMobile манбаларининг маълум қилишича, Samsung шунингдек, экран ўлчами номаълум бўлган C7000 русумли смартфон устида ҳам иш олиб бормоқда.

Ҳозирга кунда Samsung компаниясининг A туркумидаги Galaxy A5 (2016), Galaxy A3 (2016) ва Galaxy A7 (2016) моделлари истеъмолчиларга яхши таниш.

Тахминларга кўра, C5000 ва С7000 смартфонлари А туркуми билан бир хил ўлчамли экранларга эга бўлади. Хитойлик фойдаланувчиларнинг йирик экранли смартфонларга қизиқиши юқори бўлгани сабаб, кичикроқ экранли С3000 чиқарилмаслиги тахмин қилинмоқда. C туркум моделлари биринчи галда Хитой бозорига мўлжалланган бўлсада, бошқа минтақаларга ҳам сотилиши мумкин.

Таъкидлаш лозим, С телефонлари сифати жиҳатидан А туркумидан пастроқ, шунга кўра арзонроқ туради.