Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасидаги ўйиндан кейинги ташкил этилган матбуот анжуманида Самвел Бабаян иштирок этди.

"Ўз мухлисларимиз олдида ғалаба қозониш учун ҳаракат қилдик. Бизга ҳам рақибга ҳам ғалаба керак эди. Менимча ёмон ўйин намойиш этмадик. Йигитлар бугун профессионал эканликларини яна бир бор исботлашди. Бутун халқимизни кичик ғалаба билан табриклайман. Бугунги ғалаба бизнинг эмас мухлисларнинг, мутахассислар, журналистлар ва халқимизнинг ғалабаси", - дейди Бабаян.

- Андреев бугун кутилмаганда майдонга тушди ва жуда яхши ўйнаб берди. Унга раҳмат айтмоқчиман.
- Станислав Баҳрайндаги баҳсда ҳам ажойиб ўйнаганди. Андреевнинг статистикасига эътибор қилинг, унинг охирги натижаларига қаранг. У охирги икки йилда Ўзбекистон чемпиони бўлмоқда.

- Сиз 8та ўйинда қатнашдингиз ва 8та ғалабага эришдингиз. Бу рекорд, лекин кейинги босқичда биттагина хато сизни танқидлар бўронига тутишини сезиб турибсизми? Сабаби ғалабада дўстлар кўп, мағлубиятда эса...
- Айтганимдек бугунги ғалаба ҳаммамизники. Кейинги босқичдаги 12та жамоа Осиёнинг энг кучлилари бўлади. Мақсадимиз ҳар бир баҳсга алоҳида тайёргарлик кўриш ва ғалаба қозониш. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади.

- Сергеевнинг ўйинида пасайиш кузатилмоқда. Шунга қўшиласизми? Галиулиннинг ҳам ўйинларини кузатиб бораяпсизми?
- Игорь Сергеев гол урмагани учунгина ўйинида пасайиш кузатилди дейиш нотўғри. У бугун катта ҳажмдаги ишни бажарди. Игорь замонавий ҳужумчи. Легионерлар борасида фамилияларга тўхталмайман. Ҳозир таркибдаги 23 нафар футболчи айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли футболчилари. Фақат шуни айта оламан.

- Жамоамизнинг кучсиз томонлари сизга кўринаяптими?
- Бу таркиб билан Жаҳон чемпионатига чиқишга ҳақлимиз. Бутун жамоа билан бунга ҳаракат қилмоқда.

- Кейинги босқичга чиқдик. Сентябрь ойигача ҳали вақт бор. Орада йиғинлар ва ўртоқлик ўйинлари бўладими? Агар ўртоқлик ўйинлари бўлса илтимос Ўзбекистонда бўлсин.
- Июнь ойида ФИФА кунлари бор. Ўшанда ўртоқлик учрашувлари ўтказиш бўйича таклифлар олдик. Қуръа ташланганидан кейин рақиблар борасида аниқ маълумот бўлади.

- Виталий Денисовнинг ҳолати ҳақида нима дейсиз?
- Бугун унинг мияси чайқалди. Бироқ барчаси жойида. У ҳақиқий профессионал футболчи. Сўзим якунида барчани яна бир бор ғалаба ва кейинги босқич билан табриклайман. Стадионга келиб бизни қўллаб турган мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Манба : championat.asia