Швейцариянинг Tissot компанияси ўтган асрнинг 20-30-йиллари руҳини ўзида акс эттирган соатларни намойиш қилди. Мазкур соатлар дизайни марканинг винтаж соатларидан илҳомланган ҳолда яратилган.

28 март душанба кунги матбуот релизида хабар берилишича, Tissot Prestigious ва Tissot Vintage Chronograph кварц механизмли моделлари олтин корпусда, қўлда созланувчи Tissot Le Locle Regulateur ва Tissot Heritage 1936 эса - пўлат корпусда ишлаб чиқарилди.

Tissot Heritage 1936 соатлари кишилар чўнтак соатларидан воз кечиб, қўл соатларга ўтган Биринчи жаҳон урушидан кейинги даврда яратилган моделларни эслатади. Янги саотларнинг чарм ушлагичлари моделнинг 30-йиллар ўрталаридаги оригинал кўринишига эга. Ушлагичларни олиб, корпуснинг орқа қопқоғини очиш мумкин (унга талабга кўра гравировка тушириш мумкин), шу йўл билан механизмнинг ишлаш жараёнини кузатиш мумкин.

Tissotнинг катта дақиқа кўрсаткичига эга Le Locle Regulateur модели Regulateur номи остида чиқарилган соатларни ёдга солади, бундай соатлар XVIII-XIX асрларда усталар томонидан ясалган бўлиб, улар чўнтак соатларидек аниқ ишлайди. Янги соатлар турфа хил дизайнда яратилган бўлиб, улар пўлат корпусда, сариқ олтиндан иборат PVD қопламли икки хил рангли корпусда, пушти олтинли ишлов берилган классик қора корпусда ясалган соатларни ўз ичига олади.

20-йилларда урф бўлган соатлардан илҳомланган тўртбурчак кўринишдаги кварц механизмли Tissot Prestigious аёллар соати модели бир неча хил дизайн вариантларини таклиф этади. Ажралма циферблатлар, рим рақамлари ёки олмос безакли ҳамда 5 хил корпус ва ушлагич уйғунлигини кўриш мумкин.

Эркакларнинг кварц механизмли Tissot Vintage Chronograph соати эса қора ёки кумуш циферблатли кўриниши пушти олтинли корпусда, ё бўлмаса кумуш циферблат сариқ олтинли корпусда яратилган.

Tissot - 1853 йил Ле Локль шаҳрида асос солинган Швейцария соат компанияси. Компания Swatch Group корпорацияси таркибига киради.