Toyota ихчам проекцион дисплейга патент олди

Технология 29 Март 2016 446

Toyota компанияси, автомобиль ҳаракати ва ҳайдовчи нигоҳига қараб, тасвирларини мослаштирувчи дисплей ишлаб чиқди. Аммо, бундай техникалар оммавий тарзда ишлаб чиқарилиши хусусида маълумотлар йўқ.

Дисплей ишлаш вақтида, махсус дастур автомобиль тезлиги ва рулнинг қайрилиш бурчагини таҳлил қилса, иккита видеокамера йўл чизиқлари ва ҳайдовчи нигоҳини кузатади. Олинган маълумотлар асосида электрон тизим орқали қайта ишланган ахборот экранда англаш учун ўта қулай акс этади.

Масалан, катта тезлик чоғида тасвир кичрайиб, экраннинг бироз тепароқ қисмида пайдо бўлади, чунки бу пайтда ҳайдовчи одатдагидан узоқроққа қараётган бўлади.

Бундан ташқари, тасвир автомобилнинг энига мос равишда ҳам ўзгаради. Бу ҳайдовчига машинасининг йўлдаги ўрнини аниқ ҳис қилишга имкон беради.

Бундан аввалроқ, Continental фирмаси ҳам шунга ўхшаш янгиликни тақдим қилганди. Jaguar Land Rover гуруҳи бу каби тизимлар имкониятларидан пойга йўлакларида фойдаланиш яхши самара беради деб ҳисоблайди. Бунда электрон тизим пойгачига энг қулай йўналишни кўрсатиб туради.

Икки йил аввал эса, Toyota 3 ҳадли проекцион дисплей намунасини оммага ошкор қилган эди. Ускуна, велосипедчилар, пиёда ёки чорраҳага кириб келаётган автомобилларни қизил белги билан кўрсатиб, ҳайдовчини хавфдан огоҳлантиради.

Кўпроқ янгиликлар