Forbes журнали National Foundation for American Policy (NFAP) нодавлат ташкилоти АҚШ стартап саноатида муҳожирларнинг ўрнига бағишланган тадқиқоти ҳақида ёзди. Унда ёзилишича, 1 миллиард долларлик қийматга эга Америка стартапларининг ярмидан кўпи муҳожирлар томонидан яратилган.

2016 йилнинг мартида ёритилган NFAP олиб борган тадқиқотларга кўра, АҚШда тез ўсувчи компанияларнинг яратилишда муҳожирларнинг роли катта. Бундай компанияларнинг 70 фоизидан ортиғида муҳожирлар катта мавқега эга. Ундан ташқари, тадқиқотда маълум қилинишича, АҚШда асосчи-муҳожирлар бир компанияда 760тача ишчи ўрин яратишмоқда.

Тадқиқотчилар огоҳлантириш беришди: муҳожирларга нисбатан чораларнинг кескинлашуви илғор компанияларнинг яратилмаслигига олиб келади. 2394-сонли қонун лойиҳаси 10 йил аввал қабул қилинганида эди, бугунги кундаги кўплаб компаниялар умуман бўлмас эди.

Қуйида тадқиқотнинг асосий тезислари келтирилади.
1 миллиарддан ортиқ қийматга баҳоланаётган 87 стартапдан 44таси асосчилари қаторига камида битта муҳожир киради. Бу четдан келувчиларнинг Америка иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасининг муҳимлигини билдиради.

Тадқиқот биринчи навбатда соғлиқни сақлаш, энергетика, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатувчи хусусий компанияларда муҳожирларнинг ўрнига бағишланган. 87 компаниядан 62тасида камида бир нафардан муҳожир бор. Улар асосан техник ёки бош директорлардир. Мисол тариқасида Uber стартапининг техник директори Вьетнам урушидан 10 ёшлигида оиласи билан қайиқда қочиб келган Туана Памани олиш мумкин. У АҚШга муҳожир сифатида кириб келган.

Асосчи-муҳожирлар стартапи ишчи ўринлар яратилишида ҳам олдинда бормоқда. Жанубий африкалик Илон Маск томонидан яратилган 13,5 миллиардга баҳоланаётган SpaceX компаниясида 4 минг киши ишлайди. Mu Sigma компаниясида - 3,5 минг ходим (асосчиси - ҳиндистонлик Дҳирай Ражарам ). Немис Питер Тил томонидан яратилган Palantir Technologies`да 2 минг ишчи фаолият кўрсатмоқда.

Муҳожирлар томонидан ташкил этилган компаниялар Америка истеъмолчилари учун кўплаб фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқаришган. Uber Америка шаҳарларида ҳаракатланиш технологиясини қайта ишлаб чиқди, SpaceX америкаликларни Марсга жўнатмоқчи.

АҚШга талабалар визаси билан кириш - муваффақиятли компания яратишга қўйилган яхши қадам.

Стартап яратувчилари орасида энг сермаҳсули Ҳиндистон бўлиб, 14 нафар ҳиндистонлик 1 миллиардли қийматга эга компанияларга асос солишган. Унинг ортидан Канада ва Буюк Британия (8 нафар), Исроил (7 нафар), Германия (4 нафар), Хитой (3 нафар), Франция (2 нафар) келади. Рўйхатда шунингдек бошқа 12та мамлакатдан келган биттадан вакил бор, улар орасида Озарбайжон, Миср, Ироқ ва Ўзбекистон ҳам бор.

1 миллиард ва ундан ортиқ қийматга эга 44 стартапдан 32таси Калифорнияга тўғри келади. Ундан кейин эса Нью-Йорк (6), Массачусетс (4) ва Иллинойс (2).